Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айрим мурожаатлар назоратга олинди
11:36 / 2022-01-10

Фарғона вилояти Фурқат туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги йилда туман аҳли юксак марраларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ерда бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирлар катта анжуман сифатида фурқатликларга қувонч бағишлади.

Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда Қўқон шаҳри, Фурқат, Бешариқ, Данғара ва Ўзбекистон туманларидан келган фуқароларнинг турли масалалардаги 200 дан зиёд мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти қабул чоғида ижобий ҳал этилди. Айрим фуқароларнинг мурожаатлари масъул идораларга ўрганиб чиқиш ва белгиланган муддатларда ҳал этиш учун топширилди ва ижроси назоратга олинди. Қонуний жиҳатдан қаноатлантириш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатлар бўйича ҳам тегишли тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 27 нафар фуқаро тикув машинаси, 17 нафар фуқаро пишириқ печи, 25 нафар фуқаро ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса, қўлтиқтаёқ каби реабилитация воситалари билан таъминланди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 33 нафар фуқароларга кредит ажратиладиган бўлди.

Аҳоли учун арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, гўшт, тухум, картошка, сабзи, пиёз, ўсимлик ва пахта ёғи каби хўжалик учун муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига етказиб берилди. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган хайрли тадбирлар янгича мазмун касб этмоқда. “Наво” тантаналар мажмуасида Фурқат туманида истиқомат қилувчи 15 нафар ва Данғара туманида яшовчи 5 нафар “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг фарзандлари учун суннат тўйлари ўтказилди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилган эзгу иш, айниқса, ота-оналар ва болажонларнинг яқинларига бир олам қувонч улашди. Шундан сўнг тўй болаларнинг ҳар бирига давлат идоралари ва ҳомийлар томонидан тайёрланган бош-оёқ сарпо, турли ўйинчоқлар ҳамда велосипедлар совға қилинди. Туман маданият бўлими ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

“Чиркай” маҳалла фуқаролар йиғини спорт мусобақалари, маънавий –маърифий тадбирларга мезбонлик қилди. Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасидаги кўргазмали чиқишларда мамлакатимиз қуролли кучлари куч-салоҳияти бўй кўрсатган бўлса, 18-30 ёшдаги йигит-қизлар ўртасидаги спортнинг кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, стол тенниси каби йўналишларидаги беллашувлар барчада илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари дорбозлар ва полвонларнинг қизиқарли ўйинларини мириқиб томоша қилди.

Ёшлар учун бизнес тренинглар, компьютер саводхонлиги бўйича ўқувлар, китоб савдоси ярмаркаси ҳам ўтказилди. 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида маҳалла аҳолиси учун тиббий кўрик ўтказилди. Эртак қаҳрамонлари иштирокидаги спектакль намойиши эса фурқатлик болажонларни эзгу ишлар, юксак марралар сари чорлади.

М. Сулаймонов, 
М. Қодиров  (сурат), ЎзА