Айрим ҳудудларда қалин қор ёққани сабабли йўлларда ноқулайликлар кузатилмоқда
Айни дақиқаларда "Қамчиқ" довонида қор ёғмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўлни қордан тозалаш ва музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ишларини мувофиқлаштириб бормоқда.
Шунингдек, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довони тинимсиз қор ёғиши сабаб 19 январь куни ёпиб қўйилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, соат 07:15 дан Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг Тахтиқорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунинг асосий сабаби тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани этиб кўрсатилган.
Айни дақиқаларда тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
ЎзА