Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасининг жорий йилдаги харажатлари режаси 485,6 миллиард сўмга режалаштирилган бўлиб, олти ойдаги ижроси 27,6 миллиард сўм ёки 5,7 фоизни ташкил этган. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси жорий йилдаги харажатлари режаси 1 триллион 809,3 миллиард сўмга режалаштирилган бўлиб, ярим йилликдаги ижроси 285,2 миллиард сўм (15,8 фоиз)ни ташкил этган. Яъни, соҳага ажратилган давлат бюджети маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилмаган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди.
Унда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси атрофлича муҳокама этилди.
Мажлисда ҳисобот даврида ижтимоий харажатлар учун, хусусан, соғлиқни сақлаш, айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга бюджетдан ажратилган маблағларнинг қай даражада мақсадли йўналтирилганига эътибор қаратилди.
Қўмита аъзолари айрим йўналишлар учун биринчи ярим йилликда режалаштирилган маблағлар ажратилган бўлса-да, амалда умуман ишлатилмаган ёки қисман ишлатилганини танқидий таҳлил қилдилар.
Шунингдек, ажратилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмаслиги сабаблари билан қизиқдилар. Бу борада қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
М.Комилова,
ЎзА