Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хорижий хизмат сафарлари, улар бўйича маълумотларнинг очиқланиши вa белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилиши ўрганилди.
Самарқанд вилоятидаги ўрганиш жараёнида вилоятнинг Қўшработ вa Каттақўрғон тумани ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан хизмат сафарларига яқин қариндошлари, шунингдек, сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимлар юборилгани ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ тумани ҳокимининг ҳайдовчиси M.T. ҳамда ҳокимнинг ўғли Д.Д. хизмат сафарига юборилган.
Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш” бўйича махсус ўқув курсларида Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилгани кўрсатилиб, 32 нафар шахсдан иборат делегация таркиби (рўйхат) тақдим этилган.
Бироқ, рўйхатни ўрганиш давомида айрим делегация вакиллари, жумладан, туман ҳокимининг турмуш ўртоғи M.Ш, ҳокимлик бошқа мансабдор шахсининг яқин қариндоши Г.Ш. рўйхатга асоссиз равишда киритилгани маълум бўлди. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. вa M.Ш. Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлиб, аслида улар ушбу техникумда ишламаслиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хорижий хизмат сафарига тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаган ходимларни юбориш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Масалан, Каттақўрғон тумани ҳокимлиги томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вa савдо шартномалари бўйича янги келишувларга эришиш мақсадида 2025 йил 22-30 май кунлари Хитойга хизмат сафари ташкил этилиб, делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши белгиланган бўлишига қарамай, Каттақўрғон ҳамда Қўшработ тумани ҳокимликлари томонидан ушбу маълумотлар асоссиз равишда яширилгани аниқланди.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида коррупциявий ҳолатларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича тизимли чораларни давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА