Мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузи тобора ошиб бормоқда. Мунтазам йўлга қўйилаётган ҳамкорликлар натижасида сиёсий ва маданий шерикларимиз сафи ҳам кенгаймоқда.
Ушбу ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада кенгайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–15-сон, 30.01.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, белгиланган давлатлардаги элчихоналарнинг штат жадвалига қўшимча равишда маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими киритилиши кўзда тутилган.
Қайд этиш лозимки, ушбу лавозим хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг маданият ва туризм соҳаларидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган.
Маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш Президент Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи тақдимномасига мувофиқ ташқи ишлар вазири томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Маслаҳатчи тегишли давлатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсуниб, унинг 2 томонлама муносабатларни ривожлантириш фаолиятига кўмаклашади ва Президент Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғига ҳисобдор бўлади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фармон такомиллашаётган бошқарув тизимининг яна бир намунасидир.
Шербек Исломов, ЎзА