Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, тегишли ҳужжатлар билан 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларидан тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини талаб қилиш ҳамда 2022 йил 1 июлдан тадбиркорлик субъектларининг бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинди. Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси солиқ тизимини такомиллаштириш ва шу асосда бизнес муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, солиқ тўловчининг нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш ҳақида Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилган аризасига солиқ тўловчи томонидан солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхасини илова қилиш талаби бекор қилинади ҳамда фойдаланилмаётган объект мулкдорларига нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тартиби бекор қилиниб, тадбиркорлик субъектларнинг маблағларини ўз ихтиёрида қолдириш имконияти яратилади.
Йиғилишда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси 6 та моддадан иборат. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, лойиҳада маҳаллий ва хорижий корхоналарга тенг шароитлар яратиш мақсадида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга берилган божхона божи бўйича имтиёзлар 2023 йил 1 апрелдан бошлаб бекор қилинмоқда.
Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи солиқ тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тиклаш, тугатиш ёки бекор қилиш, солиқ органининг қарори устидан шикоят қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу орқали тадбиркорларнинг маблағлари тежаб қолинади, даромадларининг ортишига хизмат қилади.
Фракция йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА