Энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда тизимли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда ёқилғи тарқатиш шохобчалари, газ таъминоти тармоқлари ҳамда электр энергетикаси объектларида белгиланган талабларга риоя этилиши мунтазам текшириб бориляпти.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилаётган навбатдаги назорат тадбирлари давомида яна бир қатор қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Андижон вилояти Избоскан туманида жойлашган “М. О.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида нефть маҳсулотларини тарқатиш талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Текширув жараёнида ушбу шохобчадаги ёқилғи тарқатиш устунларида навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказиш муддатига амал қилинмасдан истеъмолчиларга суюлтирилган газ сотилаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли қонуни 43-моддасига мувофиқ, ушбу АЁҚШга нисбатан реализация қилинган нефть маҳсулоти қийматининг 50 фоизи миқдорида, яъни 48,9 миллион сўм жарима қўлланилди.
Назорат тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги С. Д. Т. У. муассасасига қарашли бинода ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 264 миллион сўмлик зарар етказилган. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
–Энергетика объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ҳам назорат тадбирларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда “Ўзэнергоинспекция”нинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, Учтепа туманидаги 532-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмасдан ишлаётгани аниқланиб, белгиланган тартибда бригада иш жойидан четлаштирилди, – деди мазкур ташкилотнинг ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев.
Шу билан бирга, энергия ресурсларидан тежамкор ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш юзасидан ҳам назорат ишлари кучайтирилмоқда. Урганч шаҳрида жойлашган “Р. Е.” хусусий корхонасига қарашли хизмат кўрсатиш биносида кўча чироқларидан куннинг ёруғ вақтида фойдаланилаётгани қайд этилди. Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 100-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мутахассислар қайд этганидек, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш ва белгиланган техник меъёрларни бажариш нафақат иқтисодий самарадорликни таъминлайди, балки инсон ҳаёти ва атроф-муҳит хавфсизлигини сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА