Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлни аёл тушунади
09:17 / 2023-03-07

Гулбека Қўчқорова 2008 йилда Пастдарғом туманида “Бека чарос” хусусий корхонасини ташкил этганда айримлар “шу тикувчилик ҳунарини уйида қилиб ўтирса бўлмайдими, корхона очиб нима қиларди? Бунинг устига ўзининг жойи бўлмаса, ижарада туриб ишлаб, даромад қилиб бўладими?” деганди.

Ҳақиқатдан ҳам ёнига икки-уч нафар аёлни олиб махсус кийимлар тикиш билан иш бошлаган Гулбека Қўчқорованинг тадбиркор деган ном олиши осон кечмаган эди. Эски тикув машиналарида ишлаш, маҳсулотга харидор топиш, ижарама-ижара юриш, баъзида сотган маҳсулотини пулини ололмаслик, баланд фоизли кредит, эҳҳе, қанчадан-қанча муаммою ташвишлар Гулбека опанинг сабрини роса синовдан ўтказган. Лекин аввало оила аъзолари, қолаверса, ёнига олиб ишлари юришиб кетишига кўнгилларида умид уйғотган аёлларнинг ишончи, ва албатта, давлат томонидан тадбиркор аёлларга бўлган эътибор унинг чинакам тадбиркорга айланишига асос бўлди.  

Мана энди Г.Қўчқорованинг ўз корхонаси, ишчилари, айланма учун етарли маблағи ва муҳими, ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг харидори бор. “Бека Чарос” ҳозирда йилига 40 мингтадан ортиқ махсус ишчи кийим ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 30 нафардан зиёд ходим меҳнат қилади.  

[gallery-10866]

– Аёлни аёл тушунади, – дейди Гулбека Қўчқорова. – Жамиятда кейинги вақтларда оилавий ажримлар сони ортиб бормоқда. Шу боис ҳаётда қийинчиликка учраган, муаммоли вазиятдаги хотин-қизлар кўп келади ёнимга. Имконим борича, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Тўғри йўл кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашаман. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам корхонамда меҳнат қилади. Улар ҳам жамиятда тенг ҳуқуқли, меҳнат қилиш лаёқатига эга бўлганига шароит яратиш керак. Шу асосда уч нафари билан ҳамкорликда ишлаб келяпмиз. Энг муҳими, улар ҳам бошқа ишчилар билан бирдек меҳнат қилади. Аёл киши етарли эътибор бўлса, ҳар қандай шароитга, ҳар қандай ҳолатга чидайди, аммо қадр-қимматини топташга кўнмайди.  

Гулбека Қўчқорова мамлакатда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, корхонани кенгайтириш, замон талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида доимо изланишда. Корхонада асосий фаолият – махсус ишчи кийимлар тикиш билан бирга тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари учун зарур чойшаб, кўрпа-ёстиқ, шунингдек, аёллар ва болалар кийимлари тикишни амалга оширмоқда.  

– Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда, – дейди Гулбека опа. – Шу боис, ҳар куни янгиликка интилиб яшаш зарур. Шундагина замон билан ҳамнафас одимлаш мумкин. Аксинча бўлса, ортда қолиб рақобатчиларни кузатишдан бошқа чора қолмайди. Ҳозирда корхонага янги, замонавий ускуналар олиб келиб, фаолиятни кенгайтириш, ривожлантириш борасида амалий ишларни бошлаганмиз. Бу борада банк кредитига эҳтиёж сезяпмиз. “Микрокредитбанк” Пастдарғом филиалига лойиҳаларимизни тақдим этганмиз. Йил якунигача бошлаган ишларимизни амалга ошириш ниятидамиз.  

Самарқанд вилоятининг тажрибали тадбиркор аёлларидан бири сифатида элга танилган Гулбека Қўчқорова айни пайтда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, “Тадбиркор аёллар” уюшмасининг Пастдарғом туман ҳудудий бўлинмаси раҳбари сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Ўзи каби тадбиркор бўлишни мақсад қилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан бирга жамият ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаёган Гулбека опа экспортёр корхоналар сафига қўшилишни ҳам мақсад қилган.  

 

Ғолиб ҲАСАНОВ,  

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.