Мамлакатимизда аёлларнинг салоҳияти жамиятнинг сифат белгисини кўрсатиб турувчи омил экани, хотин-қизлар ҳамда оила масаласи давлат сиёсати даражасида аҳамият касб этиши эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаверади”, дея таъкидлагани айни ҳақиқатдир.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича йўл харитасининг 20-бандида 11 февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни муносабати билан “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзусида ҳафталик ўтказиш белгиланган эди.
Шу мақсадда бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Аёл, бизнес ва инновация” республика форуми бўлиб ўтди.
Форумда мамлакатимизда бошқарув соҳасида илғор олима раҳбар аёллар, илмий-инновацион жараёнларда ўзининг жонбозлигини кўрсатиб келаётган профессор-ўқитувчилар, илм-фан ва тадбиркорликка иштиёқи баланд талабалар иштирок этди, дейилади Оила ва хотин-қизлар қўмитаси хабарида.
Маълумот сифатида айтиш мумкинки, айни пайтда мамлакатимизда илм-фан соҳасида 5 мингга яқин олима, олий ўқув юртларида эса 14 мингдан зиёд хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда, таълим муассасаларида эса 4 миллионга яқин хотин-қизлар таҳсил олмоқда.
Форумда олий таълим муассасаларидаги аёл-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, амалдаги кўрсаткичларни яхшилаш, профессор-ўқитувчилар таркибида аёллар улушини кўпайтириш ҳамда талаба-қизларни ижтимоий, илмий-тадқиқот, бизнес йўналишлари бўйича идентификация қилиш, ўқитиш ва малакасини ошириш каби масалаларга урғу берилди.
Шунингдек, юксак натижаларга эришиб келаётган талаба-қизларни юқори ташкилот, вазирлик, ҳокимлик ва идоралардаги раҳбар аёлларга бириктириш, ёш талаба, магистр ва докторант қизлар орасида университетнинг ижобий тимсолини шакллантириш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш хусусида сўз борди.
Шу билан бирга, илм-фанда аёлларнинг ролини янада ошириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА