Тошкент вилояти Қибрай туманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Мустақиллик йилларида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари: Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш долзарб масала” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш “Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси” ҳамда “2021-2023 йилларга мўлжалланган молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси” доирасида белгиланган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Туманнинг турли ҳудудларидан 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган, “Темир дафтар”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган аёллар иштирок этган тадбирда мустақиллик йилларида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кафолатлари, фуқаролик жамиятида аёллар фаоллигини ошириш, шунингдек, гендер тенглиги масалалари ва ҳудудларда аёллар молиявий саводхонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, молиявий саводхонлик бўйича оилавий бюджетни юритиш, молиявий мақсадларни белгилаш, банк хизматларидан самарали фойдаланиш, банк омонатлари ёрдамида жамғармалар шакллантириш, молиявий хавфсизликни таъминлаш ва молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, хусусан, ижобий кредит тарихини яратиш учун қарз маблағларига масъулият билан ёндашиш (кредит маблағларидан тўғри фойдаланиш, кредитларни ўз вақтида сўндириб бориш) мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Марказий банк ходимлари томонидан молиявий кўникмалар шакллантириш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Тадбир интерактив шаклда олиб борилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири