French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда
16:26 / 2024-02-29

Нукусда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими томонидан “Тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва ўз бизнесини бошлаш истагидаги аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш” мавзусида уч кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.

“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Мамлакатимиз тадбиркор хотин-қизларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва ўз бизнесини бошлаш истагидаги 20 нафар аёл иштирок этди. 

Замонавий дунёда аёлларнинг иштироки ва уларнинг иқтисодиёт ривожига қўшаётган ҳиссаси ижтимоий барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий элементи ҳисобланади. Ўз навбатида, хусусий сектор ҳам барча ривожланган мамлакатларда фаол қўллаб-қувватланади. Сабаби, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли бандлиги хусусий секторга боғлиқ. Кейинги йилларда мамлакатимиз ҳукумати томонидан ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ишбилармон аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган самарали сиёсат борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бироқ тадбиркор аёлларда ахборот ва ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги, тажрибасизлик, ўзларига ишончсизлик, ҳуқуқий билимлар олиш имкониятлари камлиги фаолиятларида ўзига хос муаммолар келтириб чиқармоқда. 

Хотин-қизларнинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш учун қишлоқ жойларда тадбиркор аёлларга энг кўп талаб қилинадиган йўналишлар бўйича таълим дастурлари ва тренингларнинг яхши тизимини ташкил этиш, хусусан, хотин-қизларни ҳуқуқий қўллаб қувватлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш зарур. Ушбу лойиҳа айнан таълим хизматларини кўрсатиш ва бизнесни амалий қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистон қишлоқ аёлларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган. 

Лойиҳа доирасида мамлакатимиз бўйича 560, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан 40 нафар хотин-қиз тадбиркорлик асослари ва ҳуқуқий саводхонликка ўқитилади. Уларга бутун лойиҳа давомида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Натижада улар ўзларининг ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириб, амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантиради. 

Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди. 

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири