Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқи халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилиб, қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Ушбу воқеликнинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, мустақил Ўзбекистон илк маротаба ана шундай нуфузли халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида иштирок этди.
Албатта, сўнгги йилларда янгиланиб бораётган янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, олиб борилаётган ошкоралик сиёсати халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, мамлакатимиз қатъий, чуқур ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичига қадам қўйди. Айниқса, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш,бу борадаги қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, халқаро мажбуриятларни бажариш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистон олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг пировард мақсадига айланди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, «Меҳр-1», «Меҳр-2», «Меҳр-3»инсонпарварлик операциялари орқали дунёнинг энг қайноқ уруш ўчоқлари ва нотинч ўлкаларидан аёллар ва болаларнинг юртимизга олиб келингани, улар учун зарурий шароитлар яратиб берилгани юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган одилона сиёсатнинг бир тимсолидир.
Муҳтарам Президентимиз мазкур нутқида бу масала юзасидан ўз фикрларини билдирар экан,Ўзбекистоннинг Кенгаш доирасидаги фаолиятининг устувор йўналишларини маълум қилди ва мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани, бу янгиланишлар энди сира ортга қайтмаслигини қатъий таъкидлади.Хусусан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туришини, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, гендер сиёсати масалалари, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг давом эттирилиши, бу йўлда эса халқаро ҳамкорлик янада кенгайтирилиши, шубҳасиз, ушбу нуфузли анжуманда янграган энг муҳим фикрлардан бири бўлди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда гендер сиёсати масалалари, хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, эҳтиёжманд ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Хусусан, юртимизда оилавий зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга «ҳимоя ордери» берилиши мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида қўлга киритилган салмоқли ютуқлардан бири бўлди.
Бундан ташқари, бугун мамлакатимизда ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш бўйича ўзига хос тизим яратилди.
Рақамларга эътибор берсак, 2016 йил юртимизда раҳбар аёллар сони 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 12 фоизга етди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизи, Сенат аъзоларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Шунингдек, 339 нафарЗулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, 2 мингдан ортиқ давлат мукофотларига муносиб кўрилган хотин-қизларни жамият, маҳалла ҳаётидаги ишларга кенг жалб қилиш, уларни ҳимоя ва кўмакка муҳтож хотин-қизларга бириктирган ҳолда шароити оғир ижтимоий қатламдаги аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида самарали ишлар йўлга қўйилди. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган хотин-қизларни тақдирлаш учун «Мўътабар аёл» кўкрак нишонининг таъсис этилгани хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қўшимча имкониятларни яратиб берди. 2019 йилда 290 нафар, 2020 йилда 297 нафар фаол хотин-қизлар ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди.
Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича «Раҳбар аёлнинг бир куни», Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида «Ислоҳотлар ва юрт тараққиётига менинг ҳиссам» мавзусидаги онлайн конференцияларни ўтказиш тизими йўлга қўйилди.
Республика, 14 та ҳудудий ва 204 та туман (шаҳар)ларда «Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар тажрибаси» мавзусида аёллар форуми ўтказилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорлигида хотин-қизлар муаммолари тизимли равишда ўрганиш жараёнида 433 мингга яқин хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилди ва бугунги кунга келиб, ушбу дафтардаги 80 175 нафар аёлларнинг муаммолари ўрнатилган тартибда ҳал этилди. 30 ёшдан юқори бўлган 11 минг нафар хотин-қизга тижорат банклари томонидан 1 трлн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 3 335 нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 70 млрд. 922 млн. сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.»Аёллар дафтари»га киритилган 3389 нафар ёрдамга муҳтож оналар ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ёрдам кўрсатилди.
1246 нафар хотин-қизларга уй-жой сотиб олиш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан21 млрд. 746 млн. сўм миқдоридаги бошланғич бадаллар тўлаб берилди.
Кафиллик асосида жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 42 нафар хотин-қиз кафилликка олинди ва муддатидан олдин жазодан озод этилди.
57 217 нафар аёлларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ногиронлиги бўлган 2 425 нафар хотин-қизларга 1,9 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар эвазига ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа реабилитация воситалари берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун жорий этилган янги тизим асосида 18 628 нафархотин-қизларга олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этишлари учун тавсияномалар берилди, шундан 950 нафари олий таълим муассасаларига грант асосида талабаликка қабул қилинди. Жорий йилда ушбу қабул квотаси 2 бараварга кўпайтирилиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз Раҳбари ўз нутқи давомида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиши ва фаол илгари суришини билдириб ўтди.
Гулнора МАРУФОВА,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирининг биринчи ўринбосари