Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлларнинг аввало она, опа-сингил эканлигини унутмайлик
09:52 / 2023-10-23

Кейинги пайтларда аксарият ижтимоий тармоқларда аёлларга нисбатан турли даражадаги зўравонликлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди.

Аслида оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жабрини асосан аёллар кўради. Бу кўплаб аёлларнинг ҳуқуқлари топталишига, вояга етмаган фарзандларнинг етим қолишига, ота ёки онасиз вояга етишига олиб келмоқда. Айрим ҳолларда эса ҳуқуқи топталган, руҳан эзилган аёллар ўз жонига қасд қилаётгани ҳам бор гап.

Маълумотларга кўра, Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи мобайнида оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 47 нафар шахсга нисбатан 45 та жиноят иши кўрилган. 28 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича айблов ҳукми, 19 нафар шахсга нисбатан ишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилган. Тугатилган ишларнинг барчаси Жиноят кодексининг 66-1-моддаси тартибида тарафларнинг ярашганлиги сабабли тугатилган.

– 2023 йилнинг 9 ойи давомида жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 25 нафари эркак, 3 нафари аёл, – дейди Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти Азиза Рўзиева. – Кўрилган ишлар бўйича жами 52 нафар аёл жабрланган. Албатта, оиладаги нотинчлик эндигина улғайиб вояга етаётган фарзандларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Ўйлаб кўринг, униб-ўсиб, балоғат ёшига етаётган фарзанд кун ора оилавий жанжалларни кўраверса, нотинч муҳитда вояга етса, эртага ундан нимани кутиш мумкин? У ҳам тез-тез асабийлашадиган, бировга яхшиликни раво кўрмайдиган, жамиятдан норози кайфиятда улғаймайдими!?

2019 йилнинг 3 сентябридан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирган. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

– Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга, – дейди вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилдора Каттаева. – Шунингдек, улар махсус марказларда даволаниши, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиши, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиши мумкин. Ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этиши ҳам мумкин. Судга мурожаат этганида улар давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйлаб ҳар учинчи аёл жисмоний ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлмоқда. Бу эса аёллар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни талаб этади.

– Мамлакатимиз хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш, уларнинг сиёсий ҳуқуқлари, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни рағбатлантириш, оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияларга, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилган, – дейди вилоят суди судьяси Гулнафис Худойбердиева. – Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий стратегия вазифаларининг бири сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Мухтасар айтганда, бу борадаги миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамоҳанг тарзда тобора мустаҳкамлаб борилмоқда.

Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонун ҳужжатлари тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўровонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни кафолатлайди.

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўровонлик ҳолатлари масаласига Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор қаратиб, “Хотин- қизларларимизга, азиз аёлларимизга нисбатан айрим зўравонликларни умуман қабул қилиб бўлмайди. Бу бизнинг миллатга хос бўлмаган чидаб бўлмас иллат”, деб таъкидлаган эди.

– Ўзбекистонда 2019 йилда зўровонликдан жабрланган хотин-қизлар учун “ҳимоя ордери” институти жорий этилган бўлиб, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўровонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади, – дейди Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Гулбаҳор Ўсарова. – Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 1457 ҳолатда хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида эса 896 та оиланинг ярашишига эришилган. 503 та оилада низо бартараф этилган бўлишига қарамасдан 24 та оила ажрашган ва 34 та оилада низолар бартараф этилмаган. 

2023 йилнинг 9 ойида оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 350 нафар шахсга нисбатан 312 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 140 нафар шахсга нисбатан 129 та маъмурий жазо қўллаш тўғрисида, 210 нафар шахсга нисбатан 183 та маъмурий иш бўйича ишни тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган.

Ҳуқуқбузар Б.Ж. 2023 йилнинг 1 август куни “Ғ” маҳалласидаги яшаш хонадонига маст ҳолатда бориб, турмуш ўртоғи М.К.нинг тинчлиги ва осойишталигини бузган. Натижада суд томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 592-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир қилинган, деб топилиб, Б.Ж.га нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Яна бир ҳолат киши эътиборини тортмасдан қолмайди. “А” МФЙ биносида Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди очиқ сайёр суд мажлисида 4 фарзанди бор оила вакиллари суд қилинади.

Воқеалар ривожига кўра, оила боши Т.С. турмуш ўртоғи О.Ю. билан ораларида келиб чиққан жанжал натижасида О.Ю.нинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, “ўртача оғир” тан жароҳати етказиб, зўравонлик содир қилган.

Суд якунида судланувчи Т.С. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1261-моддаси 4-қисми билан айбли, деб топилган ва унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ўйлаб кўрилса, судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар оилаларда бўлиб турадиган кундалик оддий машмашалардай кўринади. Аммо уларнинг туб илдизи таҳлил этилса, яқинлар, эр-хотин ўртасида меҳр-оқибатнинг кундан-кунга йўқолиб бораётгани, ҳуқуқий маданиятнинг йўқлиги, маҳалла фаоллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларининг сустлиги, натижадорлиги пастлигини кўрсатади.

Шундай экан, оилалар тинчлигини сақлаб қолиш, жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларга қарши курашишда барчамиз бирдек масъул эканлигимиз, аёл аввало она, опа- сингил эканлини унутмаслигимиз лозим.

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири