Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси томонидан жорий йилнинг 20-26 сентябрь кунлари Ўзбекистонда “Ўзбек – Поляк ҳамкорлик ҳафталигини ўтказиш белгиланган.
Ҳафталик доирасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги элчихонаси, Польша аёллари лигаси, Польша маданият ва мерос вазирлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида икки давлат ишбилармон аёлларининг халқаро бизнес-форуми ўтказилди.
Анжуманда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева ва бошқалар Янгиланаётган Ўзбекистонимизда хотин-қизларни жамиятнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда ишбилармон-тадбиркор аёлларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда уларга яратилаётган шароитлар, имтиёзлар, имкониятлар юртнинг истиқболли келажаги учун қанчалик муҳим қадам эканлигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаверади”, деган сўзлари бугун ҳаётда ўзининг ёрқин амалий ифодасини топмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 минг нафардан ошди, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этмоқда. Кичик бизнес субъектларининг 120 минг нафардан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар бошқармоқда.
Президент фармони билан жорий йилдан бошлаб аёлларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлигини ташкил этиш учун 100 миллион доллар ажратилди.
Жорий йил 1 сентябьр ҳолатига Хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 136 минг 725 нафар хотин-қизларга 2,5 триллион сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Шундан, Халқ банки томонидан 79 минг 148 нафар хотин-қизларга 968,9 миллион сўм, Микрокредитбанк томонидан 47 минг 54 нафар хотин-қизларга 776,6 миллион сўм ва Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 10 минг 523 нафар хотин-қизларга 774,2 миллион сўм кредитлар ажратилган.
Хотин-қизлар томонидан амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига 148 минг 352 та янги иш ўрни яратилди.
Келгуси икки йилда кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизларнинг улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга ошириш бўйича улкан мақсад қўйилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун жойларда аёлларни тадбиркорликка ўқитиш, уларда кўникмаларни шакллантириш ва тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди.
Форум доирасида масъул раҳбарлар, олимлар, экспертлар мавзу юзасидан атрофлича маърузалар қилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтардилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ишбилармон хотин-қизлари Польшадан ташриф буюрган ишбилармон аёллар билан қизғин суҳбатлашиб, тадбиркорлик режалари билан ўзаро фикр алмашди.
Н.Усмонова, ЎзА