Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Аёллари улуғланган юрт” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда партия вилоят ва туман Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Сенати ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, тумандаги умумтаълим мактабларининг маънавият тарғиботчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда жамиятда хотин-қизларнинг роли, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ, манфаатларини таъминлаш, гендер тенглигига эришиш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак бериш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш борасида муҳим қадам ташланди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунлари қабул қилинди.

Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шарқона гендер тенглик, оилада фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлиш, ўсиб келаётган қизларни оилага тайёрлаш, қайнона ва келинлар муносабатида ўзаро ҳурмат-иззат юқори ўринда бўлиши лозимлиги каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган.
– Партиямиз сайловолди дастурида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи устувор аҳамият касб этади, – дейди вилоят кенгаши раиси ўринбосари Муслима Рўзиева. – Шу маънода таъкидлаш ўринлики, бизнинг мамлакатда оилага эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунингдек, тадбирда оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандларнинг ота-она ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши хусусида ҳам сўз борди. Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим омили саналиши, шу маънода оила мустаҳкамлигини таъминлашда хотин-қизларнинг мослашувчан иш шароитларини яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир давомида хотин-қизлар ҳамда эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, оила мустаҳкамлигини таъминлашнинг долзарб масалалари, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида фикр алмашилди. Оилавий низолар, ажримлар, шунингдек, айрим оилалар ҳаётида учраётган турли кўнгилсиз, нохуш ҳолатлар ҳаётий мисоллар орқали таҳлил этилди. Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА