Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллари қадрланган юрт
22:24 / 2022-03-07

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Навоий шаҳридаги “Тинчлик” тантаналар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Вилоятдаги фаол, турли соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган хотин-қизлар, сектор раҳбарлари иштирок этган тадбирда Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов юртимизда хотин-қизлар манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди ва дилбар аёлларни байрам билан қутлади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда уларнинг ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатида ўзини намоён этишлари учун яратилаётган кенг шарт-шароитлар, олиб борилаётган сиёсат ва чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам тан олинмоқда.

2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 4227 нафар хотин-қизга 50 миллиард сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 8 минг нафардан зиёд хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 1500 нафардан зиёд аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 76 нафар хотин-қизщга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди, 4 нафари уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 97 нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди. 656 нафар хотин-қизнинг шартнома тўловлари тўлаб берилди. Умуман, 2020 йилдан бошлаб эса “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 28 мингга яқин хотин-қизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилган.

[gallery-6027]

Тадбирда жамият ва давлат ҳаётида ҳар жабҳада фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаёган хотин-қизларнинг бир гуруҳига “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ва совғалар топширилди.

– Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, Учқудуқ туманидаги 18-умумтаълим мактаби директори Гулбаҳор Алланова. – Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимининг йўлга қўйилиши, ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши, аёлларимизга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминланиши, келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши каби имкониятларни алоҳида таъкидламоқчиман. Шунингдек, кечагина “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичида мактабимиз фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, 75 миллион сўмни қўлга киритгани имкониятлардан биридир.

Бугунги кунда бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда 854 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида, 115 нафар аёл халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутати сифатида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Тадбирда концерт дастури намойиш этилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА