Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлларга зўравонлик – давр муаммоси
11:19 / 2023-12-03

Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр экан, аввало, турмуши ширин ва бахтли бўлишини истайди. Бироқ қуруқ истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт бир текис кетмайди. Бу эса эр ва хотиндан сабр-қаноатли бўлишни, аҳилликни талаб этади. Йўқса арзимаган гап-сўзлар, келишмоқчиликлар муносабатларни емириши, ҳаётни боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин.

Бироқ кейинги йилларда эр-хотин ўртасида содир бўлаётган жанжаллар барчамизда хавотир ва ташвиш уйғотади. Оммавий ахборот воситаларида дилни хира қиладиган ана шундай ҳодисалар юз бераётгани ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқимоқдамиз. Хотин-қизларни таҳқирлаш билан боғлиқ зўравонликлар кишини чуқур ўйга толдиради. Бундай шафқатсизликлар содир бўлаётганининг сабабларидан бири, деб пандемия даврида карантин чекловлари туфайли уйдан чиқишнинг имкони чегараланганлиги оқибатида юз берди, дейиш мумкин. Яна бир сабаб қўни-қўшниларнинг, тегишли идораларнинг карантин пайтида оилавий муаммоларга аралашувининг кескин пасайганлиги нохуш воқеаларни келтириб чиқарди. Қолаверса, менталитетимизга хос бўлган анъаналарга кўра, уйдаги жанжални кўчага чиқаришни хоҳламаймиз. Ана шу нарса ҳам аёлларга бўлган зўравонликни кучайтирди. Афсуски, андишага борилгани оқибатида ҳақорат ва зулм авж олди. Натижада аёлларимиз қийин вазиятга тушиб қолиб, ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолди. Жабрдийдалар муаммоларини яқин қариндошларига айтганларида “Ҳа, энди оилада бўладида”, дейишлари ҳам аёлларнинг мунтазам хўрланишига олиб келмоқда. Оилавий зўравонликка бир оиланинг муаммоси ёки ташвиши деб қараш мутлақо нотўғри.  

Шу маънода бу иллат бутун дунёда долзарб масалага айланганлиги боис БМТ Бош Ассамблеяси томонидан "25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликка” барҳам бериш халқаро куни” деб эълон қилинган. Ана шу муносабати билан мамлакатимизда жорий йилнинг 25 ноябрь-10-декабрь кунлари “Зўравонликка қарши 16 кун” тадбири ўтказилмоқда.

Жабрдийдаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бизда одатда эридан жабр кўрган аёл тегишли жойга арз қилмайди. Бу ҳолат аксарият зўравонларнинг жазосиз қолишига олиб келмоқда. Жабрланувчилар айбдор билан бир уйда яшашини ҳисобга олсак масаланинг нақадар оғирлигини англаш қийин эмас. Таҳлиллар ҳуқуқбузарликларни асосан эркаклар содир этаётганини кўрсатаётир. Ушбу иллатга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ўз фаолиятларини самарали ташкил этишларини ҳаёт тақозо этмоқда. Улар маҳаллаларда ва иш жойларида оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича профилактик суҳбатлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Иш шундай ташкил қилинса кўпгина ҳуқуқбузарликларнинг олди олинарди.  

Айтиш керакки, оиланинг тинчлиги, аҳиллиги, бахти биринчи галда ота-онага боғлиқ. Шундай экан, эркак ўз оиласида тартиб-интизом, ахлоқ, ўзаро илиқ муомалада ўрнак бўлса жамият ривож топади. Ҳар қандай вазиятда ҳам сабр-қаноатли бўлиш керак. Ҳаёт синовлари ҳеч қачон оиладаги вазиятни чигаллаштирмаслиги, аксинча бир-бирини қўллаб-қувватлаш саодатга етаклашини унутмайлик.  

Нилуфар Дадабаева,

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси.