Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси кўмагида ташкил этилган бачадон бўйни саратони учун ОПВ (одам папилломаси вируси) тести бўйича лойиҳа натижалари юзасидан якуний анжуман бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, бачадон бўйни саратони Ўзбекистондаги умумий соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий муаммо бўлиб, 15 ёшдан 45 ёшгача аёллар орасида саратондан вафот этиш ҳолатлари бўйича иккинчи ўринда туради.
2020 йилда бачадон бўйни саратони 1650 та янги касалланиш ва 1000та ўлим ҳолатига сабаб бўлиб, вақт ўтиши билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари таҳлили уларнинг ўсишида давом этаётганини кўрсатмоқда. Баҳолашларга кўра, 2030 йилда бу рақамлар йилига 2100та янги касалланиш ва 1300та ўлим ҳолатларигача ортади.
Лойиҳа доирасида ўтказилган 49140 та, яъни 98 фоиз тестдан 3290 таси, яъни 6,7 фоизи организмда вирус мавжудлиги бўйича ижобий натижа берган. Патология аниқланган барча беморлар кейинги маслаҳатларга ва тор доирадаги мутахассислар томонидан даволанишга йўналтирилган. Тест ўтказилган 759 нафар аёл ОПВ-ижобий мақом билан онкологияга йўналтирилган бўлиб, улардан 9 тасида бачадон бўйни саратонини жарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилди.
Бачадон бўйнида минимал шикастланишлар аниқланган ОПВ-ижобий бўлган 237 нафар аёл поликлиникада термоабляция ва радиотўлқинли коагуляция даволашини қабул қилди.
[gallery-8946]
Мазкур лойиҳа бачадон бўйни саратонини эрта босқичларда аниқлашга қаратилган бўлиб, бунда тўғри даволаш беморнинг тўлиқ шифо топишига олиб келиши мумкин. Дастурни бажариш чоғида олинган барча натижалар Саратон касалликлари, жумладан, бачадон бўйни саратонининг олдини олиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.
Тажриба лойиҳасини жорий этиш ва ишга тушириш кўплаб тадбирларни ўз ичига олган мураккаб амалиётдан иборат бўлди. Лойиҳа доирасида 30 ёшдан 55 ёшгача бўлган 50 минг нафар аёл ўртасида бачадон бўйнидаги ўзгаришларни эрта босқичларда аниқлаш учун ОПВ тестини ўтзказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинининг 45 нафар гинекологи, 150 нафар оилавий шифокори, 270 нафар патронаж ҳамшираси ва 77 нафар акушер гинеколог ҳодимлари ўқитилди.
– Бачадон бўйни саратони ҳанузгача бутун дунё жамиятининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда, – дейди Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев. – ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда бачадон бўйни саратони сабабли 300 мингдан ортиқ аёл вафот этади. Мамлакатимизда ҳам бутун дунёда бўлгани каби бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида энг кенг тарқалган саратон турлари орасида ҳамда фертил ёшдаги аёллар орасида ўлим сабаблари бўйича сут бези саратонидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Анжуманда лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан батафсил маълумот берилди, таклифлар ўртага ташланди. Келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Моҳигул Қосимова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА