Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар ва ёшларнинг кийиниш маданияти ўзлигимизга хос ва мосми?
15:40 / 2021-02-04

Андижонда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботига бағишланган “Нафосат” фестивали бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль доирасида Андижон тиббиёт коллежида Андижон шаҳар ва Андижон туманида яшовчи хотин-қизлар, талаба қизлар иштирокида “Ёшлар модаси, анъаналар ва замонавий йўналишлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда атлас, адрас, банорас, беқасам ва шойи каби миллий матолардан тикилган замонавий либослар барча ёшдаги ўзбек қиз-аёлларига ярашиши, уларнинг ҳуснига ҳусн қўшиши, қолаверса, бу каби либослар халқимиз, айниқса, ёшларимизда миллий қадрият ва миллий либосларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтириши таъкидланди.

Давра суҳбатида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факультети декани С.Нишонова, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти раҳбари Н.Ибрагимова мода, замонавий либослар, аёл ва қизларимизнинг бугунги кийиниш маданияти, ўзбекона кийиниш, рўмол ўраш ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Қизиқарли, очиқ-ошкора мулоқот асосида ўтган тадбирда либос ҳар бир қиз-аёлга нафақат кўрк бўлиши, балки унинг одоб-аҳлоқи, дунёқараши, феъл-атвори, маънавияти даражасини, умуман, қандай инсон эканлигини кўрсатувчи воситалардан бири ҳисобланиши қайд этилди.

[gallery-1017]

– Агар ҳаётни кузатсангиз, миллий урф-одат, анъана ва либосларимизни ҳурмат қиладиган, ўзбекона кийиниб юрадиган опа-сингилларимизнинг аксарияти эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонган, жамиятда ўз ўрнини топа олган инсонлар эканликларига гувоҳ бўламиз, – дейди Андижон шаҳридаги Гумбаз маҳалласи раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Раънохон Ҳакимова. – Улар нафақат кийиниши, балки одоб-аҳлоқи, юриш-туриши, кишилар билан ўзаро муносабатда ҳам барчага ибрат бўлади.

Тадбирда кийиниш шахсий масала эканлиги, лекин ҳар бир жамиятнинг ёзилган, ёзилмаган қонунлари, одоб-аҳлоқ меъёрлари мавжудлиги, айниқса, қиз-аёлларимиз жамиятнинг вакили сифатида ана шу меъёрларга албатта, амал қилиши, бу ёшлар тарбияси, кийинишда миллий анъаналаримизни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Шунингдек, ёшларни “оммавий маданият” кўринишлари таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, кийинишда хорижликларга тақлид қилиш сингари салбий оқимлардан асраш, бу борада кенг жамоатчилик, ёши улуғ инсонлар таъсирини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

“Нафосат” фестивали доирасидаги бу каби тадбирлари вилоятнинг қатор туманлари ҳамда таълим муассасаларида ўтказилади.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА