Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш жамият барқарорлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ушбу соҳада ҳуқуқий ва институционал асослар мустаҳкамланиб, зўравонликнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва оқибатларини бартараф этишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилди.
Қонунчиликда аёллар ва болалар давлат томонидан алоҳида ҳимоя қилинаётган ижтимоий заиф тоифа сифатида эътироф этилган. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани мустаҳкамланган. Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг аниқ ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Ушбу қонунларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилиниб, зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, баҳолаш ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари жорий этилди. Хусусан, ҳимоя ордери институти аёллар ва болаларни тезкор ҳимоя қилиш, зўравонликнинг такрорланишини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш ва индивидуал ҳимоя режаларини ишлаб чиқишга қаратилган янги тартиблар жорий этилди. Бу ёндашув бола манфаатларини устувор қўйиш принципини амалиётда таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда зўравонликка нисбатан давлат сиёсати муросасизлик тамойилига асосланади. Бу сиёсат фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмасдан, профилактика, эрта аниқлаш ва жабрланувчиларга комплекс ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни ҳамда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, муҳокамалар ва матбуот анжуманлари жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Президент фармони билан тасдиқланган 2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси эса ушбу соҳадаги давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқди. Стратегия доирасида хавф остидаги болалар билан ишлаш, ижтимоий хизматларни кенгайтириш, идоралараро ҳамкорлик ва ахборот алмашувини кучайтириш назарда тутилган.
Хорижий давлатлар тажрибаси зўравонликка қарши курашда комплекс ёндашув муҳимлигини кўрсатади. Европа мамлакатларида ҳимоя ордерлари билан бир қаторда кризис марказлари, психологик ёрдам ва мажбурий тузатиш дастурлари кенг қўлланилади.
Ўзбекистонда жорий этилган ҳимоя ордери, махсус ёрдам марказлари ва реабилитация хизматлари мазмунан ана шу илғор ёндашувлар билан уйғун ҳисобланади. Айни пайтда маҳалла, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш орқали эрта аниқлаш ва профилактика ишлари кенгайтирилмоқда.
Ўзбекистонда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал база яратилди. Ҳимоя ордери, махсус ёрдам марказлари, профилактика ва реабилитация механизмлари давлатнинг инсон манфаатларига йўналтирилган комплекс сиёсат олиб бораётганини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аёллар ва болаларнинг хавфсизлиги жамият барқарорлигининг муҳим шарти ҳисобланади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили бўлиб қолади.
Дилноза Барлибаева,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Қонунчиликни таҳлил қилиш институти
бош маслаҳатчиси.