Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши қатъий курашамиз
12:34 / 2026-01-16

Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишлари бўйича  қатор ташаббус ва таклифлари илгари сурилди.

Мурожаатда давлатимиз раҳбари хотин-қизларни улуғлаш, уларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш масаласига алоҳида тўхталди. 

Жумладан, Президентимизнинг: “Хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келган. Лекин жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб биладиган халқимизга асло ярашмайди. Сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 мингдан зиёд жиноят аниқланган. Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”, деган сўзлари юртимизда яшаётган ҳар бир аёл қалбини тўлқинлантирди. Чунки, давлатимиз раҳбарининг оила ва жамиятнинг устуни бўлган аёлларни қадрлаш, уларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймаслик ҳақида фикрларида хотин-қизларга қаратилган алоҳида эътибор ўз аксини топган. 

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этиши, юзлаб опа-сингилларимиз давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлаётганликлари, юртимизда аёлларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунасидир. 

Президентимизнинг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 3 январдаги 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида аёлларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш, уларга зарур ёрдамлар кўрсатишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. 

Жумладан, Андижон вилоятида ўтган 2025 йилда оилавий тазйиқ ва бошқа сабаблар туфайли қийин аҳволга тушиб қолган 8 минг 389 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, зарур ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, ажрашиш арафасида турган 3 минг 297 оила яраштирилди, 3 минг 897 та оиладаги низолар бартараф этилди. Ишонч билан айта оламанки, бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади.

 Мухтасар айтганда, Мурожаатда давлатимиз раҳбарининг аёллар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратган эътибори бизни қувонтириб, куч-шижоат бағишлайди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклайди. Келгуси фаолиятимизда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатларини бутунлай бартараф этиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. 

  Ферузахон Рустамова, 

Андижон вилояти ҳокимининг

 хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

ЎзА