Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг чекка ҳудудларидан бири “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида “Соғлом турмуш тарзи – бахтли ҳаёт гарови” шиори остида соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган семинар ва тиббий кўрик тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Бирлик маҳалласи ҳудудидаги “Савай” оилавий шифокорлик пункти маҳалла ўрамидаги 11 та кўчада истиқомат қилувчи 5 минг 400 нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.
Мазкур тиббий пунктда ташкил этилган тадбирда дастлаб шифокорларнинг саломатлик инсон учун энг катта бойлик эканлиги, уни қадрига етиш муҳимлиги, шунингдек, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, турли стресслардан ҳимояланиш ва зарарли одатлардан воз кечиш мавзуларидаги маърузалари тингланди.

– Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, – дейди “Савай” оилавий шифокорлик пункти мудираси Маҳмудахон Раззоқова. – Ана шундан келиб чиқиб, фаолиятимизда энг аввало, касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга, аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мақсадимиз ҳар бир юртдошимиз соғлом бўлсин. Чунки соғлом киши қаерда бўлмасин самарали меҳнат қилади, ижтимоий ҳаётда фаол бўлади, жамиятга, оиласига кўпроқ фойда келтиради.
Малакали шифокорлар томонидан асосан 1 минг 800 нафардан зиёд болалар ва аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли касалликлар аниқланган аёллар ва болаларни даволаш чоралари кўрилди.


Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари