Президентимизнинг «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов фармоннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Мазкур ҳужжат хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши курашишда муросасиз муҳитни шакллантириш ва суд ҳимоясининг мутлақо янги, самарали механизмини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Аввало, эрта никоҳ ва никоҳ ёшига оид қонунчилик бузилишларининг олдини олишга қаратилган янги механизмлар судлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, вояга етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шунингдек, бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик билан боғлиқ маъмурий ишлар судлар томонидан пухта, холис ва тезкор кўриб чиқилиши талаб этилади.
Бунда, боланинг энг яхши манфаатлари тамойили устувор аҳамият касб этиши шарт. Суд амалиётида мазкур тамойилни чуқур ва мазмунли қўллаш вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини реал ҳимоя қилишнинг асосий кафолатига айланиши лозим.
Фармонга мувофиқ, Жиноят кодексининг жинсий эркинликка қарши қатор моддалари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари амалга ошириши белгиланди. Бу процессуал ваколатларни марказлаштириш орқали далилларни йиғиш ва баҳолаш сифатини ошириш, жиноятларнинг латентлигини камайтириш ҳамда жабрланувчиларни самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Судлар эса бундай тоифадаги ишлар бўйича адолатли суд муҳокамаси, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва иккиламчи жабрланишнинг олдини олиш каби юқори стандартларга амал қилиши шарт бўлади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган судьялар томонидан кўриб чиқилади.
Бу ихтисослашув суд қарорларининг сифатини ошириш, гендер сезгирлик ва болалар психологиясига оид билимларни амалиётга жорий этиш имконини беради.
Бу борада Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Одил судлов академияси зиммасига катта вазифалар юкланади. Судьяларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, малака ошириш дастурларини янгилаш ва махсус компетенцияни шакллантириш бу ислоҳотнинг амалий натижасини белгилаб беради.
Фармонда назарда тутилган жазони оғирлаштириш, айрим тоифадаги маҳкумларга нисбатан енгиллаштириш тартибларини чеклаш, шунингдек, руҳий ҳолатига доир шубҳа бўлган шахсларни мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказиш каби нормалар судлардан янада пухта ҳуқуқий ёндашувни талаб қилади.
Бунда, айбсизлик презумпцияси, жазони индивидуаллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойиллари ўртасида мувозанат сақланиши алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар бир суд ҳужжати чуқур асослантирилган ва қонуний бўлиши зарур.
Шу билан бирга, маъмурий ишни судга юборишдан олдин прокурор томонидан жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида қарор қабул қилиниши тартибининг жорий этилиши процессуал фильтр вазифасини бажаради. Бу судларга асоссиз материаллар келиб тушишининг олдини олиш, ишларнинг сифатли ва самарали кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилади.
Фармон суд ҳокимиятининг профилактик ва маърифий ролини ҳам кучайтиради. Судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фахрийларининг таълим муассасаларида ёшлар билан учрашувлар ўтказиши, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларида иштирок этиши суд тизимининг очиқлиги ва жамоатчилик билан мулоқотини янги босқичга олиб чиқади.
Умуман олганда, мазкур фармон судларни фақат низони ҳал қилувчи орган эмас, балки аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячиси, ижтимоий адолат ва ҳуқуқий маданиятни таъминловчи институт сифатида янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Бу ҳужжат суд-ҳуқуқ тизимида ихтисослашувни кучайтириш, процессуал стандартларни ошириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида тарихий аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова, ЎзА