Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Хоразм вилоят бўлими томонидан “Хоразм вилоятида аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ҳамда профилактик тадбирларни тизимли ва самарали ташкил этиш” ижтимоий буюртмаси доирасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали қошидаги “Селектив скрининг маркази” ҳамда “Сайёр маммография” клиникаси тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида Шовот туманидаги 7-сонли оилавий поликлиникада аёллар ўртасида ўтказилган профилактик чора-тадбирлар шулардан биридир.

Тадбир давомида аёлларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни барвақт аниқлаш, хавф омиллари ҳақида тушунчалар бериш ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тиббий кўриклар ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.


Шунингдек, замонавий тиббий ускуналар ёрдамида маммографик текширувлар ўтказилиб, мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.
Маълумот ўрнида: 2024 йилда онкологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 231 минг нафар хоразмлик аёл мақсадли скрининг текширувларидан ўтказилган.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири