Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда Қорақалпоғистон тажрибаси
16:46 / 2025-12-02

Айниқса, сўнгги йилларда Президентимизнинг ғамхўрлиги билан юртимизда гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратилаётгани, “Аёллар дафтари” йўлга қўйилгани, хотин-қизлар билан ишлашда “Маҳаллабай” тизими жорий қилингани, тадбиркор аёллар учун имтиёзли кредитлар, олий ўқув юртларида қизлар учун қўшимча квоталар ажратилиши, магистратурага ўқишга кирганларнинг контракт пуллари бюджетдан қоплаб берилаётгани, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг уй-жойлар билан таъминланиши –-буларнинг барчаси хотин-қизларнинг доимо эътибор марказида эканини яна бир бор исботлайди.

Албатта, бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни Қорақалпоғистон мисолида айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги 3 йил ичида 1 минг 400 нафардан зиёд хотин-қизнинг уй-жой билан таъминлангани, “Аёллар дафтари” доирасида 193 минг нафардан ортиқ хотин-қизга 292 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилгани, ижтимоий ҳимояга муҳтож 450 нафардан ортиқ талаба-қизнинг 3 ярим миллиард сўмдан ортиқ шартнома пули тўлаб берилганин алоҳида таъкидлаш лозим.  

Шунингдек, жорий йилда олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган 14 минг нафардан ортиқ хотин-қизга 128 миллиард сўмлик шартнома пулини тўлаши учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратилгани, 100 нафардан ортиқ хотин-қиз давлат гранти асосида ва 5 йиллик стажга эга 30 нафардан ортиқ хотин-қиз шартнома асосида олий ўқув юртларига имтиёзлар билан қабул қилингани, жорий йил бошидан буён 10 минг 600 га яқин лойиҳага имтиёзли кредит ажратиш орқали жами 21 минг нафардан зиёд хотин-қиз иш билан таъминлангани, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 25 минг нафарга яқин хотин-қизга 964 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилгани  –  буларнинг барчаси хотин-қизларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Президентимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан Қорақалпоғистонда тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятларга тўхталадиган бўлсак, бир қатор солиқ турлари, яъни фойда солиғи, айланма солиқ, ер ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизгача камайтирилди.

Йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкалари узоқ муддатга тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан, шунингдек, Қорақалпоғистонда жойлашган саноат корхоналарига электр энергиясидан фойдаланишда 15 фоиз чегирма берилмоқда.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори билан кичик ва ёшлар саноат зоналарида мажбуриятларини тўлиқ бажарган тадбиркорларга белгиланган муддатидан олдин бино-иншоотларни хусусийлаштириб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш учун аукционда ютиб чиққан суммани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Албатта, мазкур конференция Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистонда тадбиркорларга яратилаётган беқиёс имкониятларни янада кенг тарғиб қилишда, шунингдек, Қорақалпоғистонда ўз бизнесини бошлаб, тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳловчи хотин-қизлар сонини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак “Қорақалпоғистонда бизнес юритинг” деган ташаббуси бугун нафақат маҳаллий, балки, хорижий тадбиркорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

[gallery-26509]

Конференция доирасида ўтказилган ялпи мажлисда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида Қорақалпоғистон тажрибаси, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзлари, ушбу имтиёзлардан фойдаланиш орқали хотин-қизларни  замонавий касбларга ўргатиш ва муносиб даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузалар тингланди.

Тадбир иштирокчилари Хўжайли тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Cake Bumer” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Мохира Мамутова томонидан миграциядан қайтган хотин-қизларни бандлигини таъминлаш бўйича тажрибаси ва “Cake Bumer” бренди остида ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотларини тайёрлаш жараёни,“Саманқўл” маҳалласидаги “Оила ва хотин-қизлар маскани”, “Таскўпир” маҳалласидаги  “Lider Group” корхонаси, Тахиатош туманидаги “Surxon Taxiatosh Textile” масъулияти чекланган жамияти, “Қушчилик” маҳалласида иссиқхона йўналишида тадбиркорлик қилаётган хотин-қизлар фаолияти билан танишишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари