Марказий банк томонидан "Тижорат банклари томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга ажратилган кредитлар" юзасидан маълумот эълон қилинди.
Ундаги маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон банклари томонидан микро, кичик ва ўрта бизнесга ажратилган жами 63,6 трлн. сўм кредитларнинг 19 фоизи яъни 11,4 трлн. сўм 261 308 та аёллар тадбиркорлигига ажратилган.
Ҳудудлар кесимида аёллар тадбиркорлигига ажратилган кредитлар миқдори бўйича Тошкент шаҳри (1,9 трлн. сўм), Тошкент вилояти (1,2 трлн. сўм) ва Қашқадарё вилояти (956 млрд. сўм) етакчилик қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, давлатимиз раҳбари жорий йил март ойидаги Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзмиллийбанк 200 минг, Микрокредитбанк 160 минг, Ўзсаноатқурилишбанк 160 минг, Халқ банки 150 минг, Туронбанк 150 минг, Агробанк 144 минг, Бизнесни ривожлантириш банки 94 минг, Асакабанк 82 минг, Алоқабанк 58 минг нафар аёлларни банкка бириктирилган йўналишларда иш билан таъминлашга, Халқ банки 100 минг нафар аёлни ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиши ҳақида айтганди. Шунингдек, айнан шу мақсадда бу йил қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилишини қайд этган эди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА