Пойтахтимизда "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташаббуси билан "Фермер аёллар: рақамлаштириш ва янги технологиялар – муваффақият омили" мавзусида IV анъанавий форуми бўлиб ўтди. Тадбирда 100 дан зиёд фермер аёллар иштирок этди.
Форумда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш, маҳсулотлар логистикаси ва экспортини ташкил этишнинг янги имкониятлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг самарали лизинг ечимлари, фермер аёллар фаолиятидаги муаммолар, уларни рақамли технологиялар ва инновациялар ёрдамида ҳал этиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.


– Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларимиз тўкинлиги, нархларнинг барқарорлигини таъминлашда деҳқон ва фермерларимизнинг ҳиссаси катта, – дейди "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова. – Айни пайтда минглаб аёллар ўз бизнесларини йўлга қўйиб, юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшмоқда. Фермер ва деҳқонлар ўзи етиштирган ғалла ва пахта ҳосилини эркин нархда сотиши, маҳсулотларни етиштиришдан тортиб то экспортигача, бозорини топишгача бўлган жараёнларда бемалол иштирок эта олиши мумкин. Ўз навбатида, хотин-қизлар бошқараётган кичик корхоналарни ривожлантириш, қишлоқ жойларда касаначилик ва янги иш ўринларини яратишга доир лойиҳалар ҳам давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Шунингдек, ассоциация Жаҳон банки иштирокида "Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш" лойиҳасини муваффақиятли амалга оширди. Лойиҳа қишлоқ жойларда мева-сабзавотчилик соҳасида ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш учун зарур бўлган янги билим, кўникма ва малакага эга аёлларни тайёрлаш, фермерларнинг ўз бизнесини самарали бошқариш соҳасидаги касбий маҳоратини оширишга қаратилди. Тренингларда 500 дан ортиқ қишлоқ аёллари тадбиркорлик асослари бўйича ўқитилди, 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.


Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунгача халқаро ассоциация 17 минг тадбиркор аёлни бирлаштирган. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда 69 ҳудудий бўлинма ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 200 га яқин профессионал тренер тадбиркорлик асослари бўйича ўқув курсларида фаолият юритмоқда.
Ассоциация томонидан мамлакатимизнинг қишлоқ ва шаҳарларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, гендер тенглигига эришиш, янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётда аёллар салоҳияти ва инсон капиталидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Ҳамкор ташкилотлар билан «Таълим фонди» ташкил этилиб, унинг маблағлари ҳисобига 7 вилоятда «Масъулиятли молия ва қишлоқнинг барқарор ривожланиши» лойиҳаси амалиётга татбиқ этилган.


Муҳайё Тошқораева, ЎзА