Хоразм вилояти аҳолисининг 979 минг 310 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳозир уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти реабилитация ва мослаштириш маркази ҳамда Гурлан реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро намунали маркази фаолият кўрсатмоқда.
Амалга оширилаётган ишларда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, ёшларни оилага тайёрлаш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳам кўзда тутилган. Жорий йилнинг шу даврига қадар вилоят реабилитация ва мослаштириш марказига 696 та, Гурлан реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро намунали марказига 86 та мурожаат келиб тушган. Шундан 466 таси психологик, 240 таси ҳуқуқий ҳамда 76 таси тиббий ёрдам билан боғлиқ масалалар ҳисобланади. Мазкур мурожаатлар асосида аёлларга барча тегишли ёрдамлар кўрсатилган.
Вилоятда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 55 минг нафар хотин-қизнинг 53 минг 997 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Шу йилнинг тўққиз ойи давомида “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 4 минг 230 нафарига кўмаклашилди. Тарғибот-ташвиқот ишларида хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сайёр қабулларда, аҳоли билан учрашувларда аёллар фаоллик кўрсатаётир. Хоразм вилоятида бугунги кунда маълум бир сабаблар туфайли оилада низоли ҳолатларни бошидан кечираётганлар ҳам бор. Бундай нотинч оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, оилада ва маҳаллаларда миллий- маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш орқали маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга эътибор берилмоқда.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан оилавий келишмовчиликларга тўла барҳам берилганича йўқ. Биламизки, ҳар бир оиланинг моддий, маънавий эҳтиёжи бор. Муаммо ва низоларнинг асосий сабаби ҳам ана шу эҳтиёжнинг қондирилмаганида.
Бугун ҳаётимизда ана шундай муаммолар мавжудлиги хусусида очиқ-ойдин гапира бошладик. Ҳа, чиндан ҳам нима қилсак, тинч-тотув яшаймиз, деган саволга амалда жавоб изланаяпти. Тинч ва фаровон умр кечириш сири, шубҳасиз, ҳамжиҳатликда, унутилиб борилаётган урф-одат ва анъаналаримизда эканлиги кўп бора исботини топмоқда.
Гулноза Умирова, журналист