8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Тошкент вилоятидаги 21-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенатор ва депутатлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Айтиб ўтиш керакки, Омбудсман томонидан жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумаларга яратилган шарт-шароитлар доимий равишда мониторинг қилиб борилади. Уларнинг мурожаатлари ўрганилади. Шу билан бирга, инсон қадрини улуғлаш тамойилидан келиб чиқиб, маҳкумаларнинг ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватланишига қаратилган шу каби тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Тадбир давомида маҳкумалар учун концерт дастури намойиш этилди. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар муассасада сақланаётган шахслар учун ижобий руҳий муҳитни шакллантириш, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир ташкилотчилари томонидан колония кутубхонасига 200 дан ортиқ бадиий китоб ҳамда ногиронлиги бор маҳкумаларга ногиронлик аравачалари ва юриш мосламалари топширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА