Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар футболи. Янги «эл-классико»да кучлар тенг келди
19:35 / 2021-06-01

Аёллар футболи бўйича олий лиганинг 9-тур ўйинлари бўлиб ўтди. «Эл-классико» дея таърифланган «Сўғдиёна-W» ва «Бунёдкор-W» учрашуви нафақат турнинг, балки мавсумнинг марказий учрашувларидан бири сифатида қаралганди.

Мазкур тўқнашувгача иккала жамоа турнир жадвалининг пешқадамлари ҳисобланишарди. Фақат «Бунёдкор» жиззахликлардан икки очко ортда бораётганди. Ушбу учрашувгача...

Икки карра ва амалдаги чемпион «Бунёдкор» бу мавсумда ҳам фақат бош соврин учун кураш олиб бораётганини яширмаяпти. Бунинг учун клубда барча шароитлар яратилган, ўтган йилги таркибда катта ўзгаришлар йўқ. Чемпионатнинг 7-тури якунига кўра 6 та ғалаба ва битта дуранг билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Кучли жамоалар дея эътироф этилаётган «Севинч» ва АГМК жамоаларини йирик ҳисобларда мағлубиятга учратди. Тўпурарлар баҳсида Людмила Карачик 11 та голи билан иккинчи поғонани эгаллаб турибди.

Кучлилар сафида фаолият юрита бошлаганига эндигина тўртинчи йил бўлишига қарамай, «Сўғдиёна» жамоаси аввалги икки мавсумда бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу мавсумда эса жамоанинг ягона мақсади – чемпионлик. Бунинг учун жамоа инфраструктураси ижобий томонга ўзгарган. Футболчи қизларга вилоят ҳокимининг тавсияси билан хорижий компаниялар ҳомийлик қилишмоқда. Африка қитъаси ҳамда Грузиядан тажрибали футболчилар таклиф қилинган. Айни пайтда чемпионатнинг етти туридан кейин юз фоизли натижа билан пешқадамлик қилмоқда. «Севинч», АГМК ва «Металлург» каби етакчи клубларни «тор-мор» қилган. Чемпионат тўпурарлар карвонини ҳам айнан шу жамоа вакили – Диёра Хабибуллаева (12 та гол) бошқармоқда.

Мазкур жамоалар олий лигада ўзаро 6 маротаба тўқнаш келган. Энг қизиғи, жиззахликлар бирон марта ҳам «қалдирғочлар»дан устун кела олмаган. Олти ўйиндан бештасида «Бунёдкор» зафар қучган, бир ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати ҳам албатта, тошкентликлар фойдасига ишламоқда – 10-4. Энг йирик натижа – 2:0.

2018 йилга нисбатан таркибларга эътибор қаратилса, «Бунёдкор»да ўзгаришлар деярли юз бермагандек тасаввур ҳосил қилади. Уч йил аввал «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган Олга Қаҳҳорова, Луиза Садирова, Людмила Карачик, Умида Зоирова, Саида Галимова, Солиҳа Ҳусниддинова, Марина Косникова каби етакчилар ҳамон таркибда. «Сўғдиёна»да ҳам тажрибали футболчилар талайгина - Нозима Ҳасанова, Нафиса Набиқулова, Махлиё Назарқулова, Насиба Хожиева, Зарина Маматкаримова тўрт йилдан бери, Холида Дадабоева, Эзоза Шарипова, Диёра Хабибулаева, Иродахон Турдалиева уч йилдан бери йилдан-йилга шаклланиб, тажрибасини ошириб келди. Диёра икки йилдан бери мавсумнинг энг яхши футболчиси танловига номзодлик қилади.

Учрашув марказий мақомини олганлиги ўйин давомида ўз исботини топди. Жиззахликлар икки бор иккита тўп фарқи билан олдинда боришди. Аввалига жамоанинг африкалик ўйинчиси Фусеина Мумуни икки бор гол уришга эришди. Иккинчи бўлининг дастлабки дақиқасида Нозима Эргашева ҳисобни қисқартиришга эришди. Кўп ўтмай Диёра Хабибуллаева жамоадошларини яна икки тўп фарқи билан олдинга олиб чиқди. Тошкентликлар вакили Дилдора Нозимова яна ҳисобни қисқартирди. 

Кўп ўтмай унинг ўзи пенальтидан ҳисобни тенглаштирди ҳам. Ҳар иккала жамоа томонидан кейинги киритилган голлар ҳам айнан шу футболчилар томонидан амалга оширилди – Диёра ҳисобни оширди, Дилдора яна пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Бир сўз билан айтганда «қалдирғочлар» тақдирга тан беришмади, курашни давом эттиришди. Мезбонлар дарвозаси томон икки бор пеналти белгиланиши ҳам тошкентликлар фойдасига ишлади. Ҳар иккала жамоа ҳам турнир жадвалидаги биринчи ва иккинчи ўринлардаги жойларини сақлаб қолишди...

Аёллар Олий лигаси. 9-тур

30 май, якшанба

СEВИНЧ – ПАХТАКОР-W – 3:1 (2:0)

Қарши. «Геолог» стадиони. 91 томошабин.

Голлар: Лайло Шодиева (27), Мафтуна Шойимова (44), Малика Бурхонова (88) - Умида Хотамов (74)

НАВБАҲОР-W – БУХОРО-W - 2:1 (2:0)

Наманган. «Ёш куч» стадиони. 38 томошабин

Голлар: Тожинисохон Рашидова (8), Нилуфар Дадажонова (32) – Нигина Ҳайдарова (82)

ЛОКОМОТИВ-W – МEТАЛЛУРГ-W – 1:1 (0:0)

Тошкент. ТТЙМИ стадиони. 28 томошабин

Голлар: Жасмина Абдуғаниева (77) – Азиза Норбоева (76)

СЎҒДИЁНА-W – БУНЁДКОР-W – 4:4 (2:0)

Зомин. «Зомин марказий» стадиони. 102 томошабин.

Голлар: Фусеина Мумуни (2, 13), Диёра Хабибуллаева (51, 70) – Нозима Эргашева (46), Дилдора Нозимова (62, 66-пен., 75-пен.)

ҚИЗИЛҚУМ-W – АГМК-W – 1:5 (1:3)

Навоий. «Ёшлик» стадиони. 35 томошабин.

Голлар: Фаричеҳра Абдувоҳидова (33) – Феруза Турдибоева (2), Динора Турғунова (34, 53), Камила Зарипова (43, 50).

Шу тариқа «Сўғдиёна» 25 очко билан бирични ўринни сақлаб турибди, «Бунёдкор» эса 23 очко билан иккинчи ўриндаги жойини мустаҳкамлаган. Учинчи ўриндаги «Севинч»да 19 очко мавжуд.

АГМК 16, «Металлург» 13, «Навбаҳор» 10 очко билан кучли олтиликни ташкил этяпти. 7-ўриндаги «Бухоро» 6 очко тўплаган. «Пахтакор» ва «Қизилқум»да 5 очкодан, ҳозирча аутсайдер бўлиб турган «Локомотив»да эса 4 очко бор.

Тўпурарлар баҳсида «Сўғдиёна» жамоаси ҳужумчиси Диёра Хабибуллаева пешқадам – 16 та гол. «Бунёдкор» аъзолари Дилдора Нозимова ва Людмила Карачикда 12 тадан гол, «Сўғдиёна» легионери Фесеина Мумунида ҳам тўпларини 12 тага етказган.

10-тур ўйинлари 22 июндан давом эттирилиши режалаштирилмоқда.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА