French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар футболи: Эронни ютдик, Беларусь билан эса дуранг ўйнадик
19:23 / 2021-06-15

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда аёллар футболи бўйича мамлакат миллий ва ёшлар терма жамоаларимиз хориж сафарида бўлиб туришибди.

Баҳром Норсафаров устозлигидаги миллий термамиз Тошкентдаги йиғинни 10 июнь куни якунлашди ва хорижий йиғинни давом эттириш учун Беларусь пойтахти Минскка сафар уюштирди. Чет элдаги йиғин доирасида футболчиларимиз иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни ҳам режалаштирганди.

Дастлаб, 11 июнга белгиланган Эрон аёллар термасига қарши ўйинда футболчи қизларимиз ажойиб натижа қайд этишиб, рақибларини 5:0 ҳисобида мағлуб этишди. Тўпларга Людмила Карачик (2 марта), Малика Бурхонова, Диёра Хабибуллаева ва Азиза Норбоева муаллифлик қилишди.

Иккинчи баҳс майдон эгаларига қарши кечди. Бу жамоаларнинг Тошкентдаги ўртоқлик учрашувида беларусликлар ғалаба қозонишганди. Энди эса ўйин уларнинг майдонида. Турган гапки, мезбонларга «деворлари» ҳам ёрдам бериши аниқ. 

Лекин маҳоратли қизларимиз Европанинг тажрибали футболчилари олдида ожиз қолишмади, аксинча, улар билан теппа-тенг ҳаракат қилишди ва буни ҳисобда ҳам исботлашди. Учрашувнинг 14-дақиқасида майдон эгаларидан Карина Алховик ҳисобни очганди, иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасида Людмила Карачик икки ҳимоячининг ўртасидан ёриб кириб, ҳатто дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб дарвоза тўрини нишонга олди.

Шу тариқа Баҳром Норсафаров шогирдлари Беларусь сафари ва у ерда ташкил этилган кичик турнирдан мағлубиятсиз ортга қайтишди.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА