Аслида «қалдирғочлар» жорий мавсум чемпионлигини муддатидан аввал қўлга киритганди, бироқ олтин медалу, бош совринни ўз майдонида, мухлислари қуршовида қабул қилиб олишга нима етсин.
Аёллар чемпионатининг сўнгги тур доирасидаги учрашувлар ниҳоясига етди. Қуйи олтиликдаги жамоалар мавсумий баҳсларини кеча якунлашганди. Унда «Бухоро» «Сурхон»ни (6:0), «Қизилқум» «Локомотив»ним (1:0), «Навбаҳор» эса «Андижанка»ни (2:1) мағлуб этишганди. Қуйи олтилик ичида «Навбаҳор» барча учрашувларни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, юз фоизли натижа қайд этди. Фақат «Сурхон»нинг бу йилги иштироки кўнгилдагидек бўлмади. Термизликлар жорий йилда фақат маҳаллий қизларни жалб этган ҳолда тажриба орттиришни мақсад қилганди, фикримизча улар мақсадларига етишди. Ўзига хос обрўга эга бўлган, мамлакатнинг «Севинч»дан кейин кўпкарра чемпиони ҳисобланган «Андижанка» деярли бутун мавсумни иқтисодий муаммолар остида ўтказди. Шундай бўлсада андижонликлар аутсайдерликдан қутулиб қолишди. Бу борада «Қизилқум» «Сурхон»га шерик бўлди. Қуйи олтилик ичида биргина «Локомотив» мавсумни кучлилар қаторида давом эттиришга аҳд қилди. «Темирйўлчилар» энди Ўзбекистон Кубогида ҳам иштирок этадиган бўлди.
Кучли олтилик тақдири ҳам ўтган турданоқ маълум бўлиб улгурганди. “Чемпион номига сазовор бўлган «Бунёдкор» энг яқин таъқибчиси орасидаги фарқни тўққизтага етказди. Учинчи ўрин эса «Сўғдиёна»га насиб этди. Шундай бўлсада, сўнгги турда жамоалар ўз обрўлари учун майдонга тушишди.
[gallery-125]
Жиззахда майдон эгалари билан кечган ўйинда «Металлург» жамоаси жасорат кўрсатди ва мезбонлар билан очколарни баҳам кўришди. Тошкентда эса «Пахтакор» кутилмаганда «Севинч»ни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Бу билан «шерлар» вакиллари келаси йили бемалол совринлардан бирига даъво қилишга ҳақли эканликларини исботлашди.
Энг қизиқарли ўйин «Бунёдкор» стадионида бўлди. Юртимизда аёллар футболига эътибор эркакларникиданда кам эмаслигини исботлашга уринган ЎзПФЛ ҳар иккала жамоа мутасаддилари билан келишган ҳолда Олмалиқда ўтиши лозим бўлган ўйинни Тошкентга, бўлганда ҳам юртимиздаги ягона энг муҳташам «Бунёдкор» стадионида ташкил этиб берди. Футболчи қиз-жувонларимиз ҳам пандемия шароитию, совуқ об-ҳавога бас кела олишлари мумкинлигини кўрсатиб беришди. Қизиқарли кечган ўйинда кутилганидек майдон эгалари ғалаба қозонишди.
Ўйиндан кейин ғолиб жамоани тақдирлаш маросими тантанали равишда ташкиллаштирилди. Чемпион «Бунёдкор»га олтин медаль ва бош совринни ЎФА Бош котиби Аваз Мақсумов топширди...
16-тур натижалари:
ПАХТАКОР – СEВИНЧ – 2:1
Голлар: Ана Алекперова (19), Камола Бердиева (90+5) – Мафтуна Панжиева (70-пен.)
СЎҒДИЁНА – МEТАЛЛУРГ – 1:1
Голлар: Ўғилой Қўчқорова (48) - Рушания Сафина (15)
АГМК – БУНЁДКОР – 1:2
Голлар: Нодира Йўлдошева (90+1) – Умида Зоирова (82), Махлиё Сариқова (89).
Чемпионат якуний жадвали:
Кучли олтилик:
1.Бунёдкор 45 очко
2.Севинч 36
3.Сўғдиёна 33
4.Металлург 29
5.АГМК 25
6.Пахтакор 23
Қуйи олтилик:
7.Навбаҳор 31
8.Локомотив 19
9.Бухоро 16
10.Андижанка 12
11.Қизилқум 12
12.Сурхон 0
Чемпионат тўпурарлари:
1.Дилдора Эргашева («Локомотив») - 29
2.Людмила Карачик («Бунёдкор») - 26
3.Диёра Хабибуллаева («Сўғдиёна») - 22
3.Нилуфар Дадажонова («Навбаҳор») – 22.
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА