Футбол бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати олий лигаси жамоалари 11-тур ўйинларини ўтказди.
Жиззах шаҳрида Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби, жорий мавсумда ҳам карвонбошиликни қўлдан бермай келаётган “Сўғдиёна-Woman” хотин-қизлар жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи-Woman” клубини ўз майдонида қабул қилди.
Учрашувга “Нефтчи-W” аёллар жамоаси алоҳида тайёргарлик кўрганлигини ўйиннинг биринчи бўлимида намойиш эта олди. Беллашувнинг 38-дақиқасида фарғоналик Дилнавоз Каримова жиззахлик ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди – 0:1.
Танаффусдан сўнг “Сўғдиёна-W” фаоллашди.

Натижада иккинчи бўлимнинг 1-дақиқасидаёқ жиззахлик Мафтуна Панжиева рақибалари дарвозасини ишғол этиб, ўртадаги мувозанатни тиклади – 1:1. Орадан 3 дақиқа ўтиб “Сўғдиёна-W” клуби аъзоси Нозима Камолтоева чамаси 17 метрлар олисликдан зарб билан тепган тўпи фарғоналиклар дарвозаси тўридан жой олди – 2:1. Жиззах жамоасининг яна бир иқтидорли футболчиси Дилдора Эргашеванинг “Нефтчи-W” клуби дарвозасига киритган голидан сўнг ҳисоб 3:1 га ўзгарди. Жиззахлик футболчи қизларнинг кучли босими натижасида “Нефтчи-W” футболчиси Динара Худойназарова ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйиб, фарғоналикларни бу галги йирик мағлубиятига сабабчи бўлди. “Сўғдиёна-W” – “Нефтчи-W” якуний ҳисоб 4:1.

Пешқадамлардан яна бири “Бунёдкор-W” клуби Тошкентда Навоийнинг “Қизилқум-W” клуби устидан жуда қийин ғалабага эришди – “Бунёдкор-W” – “Қизилқум-W” – 1:0.
Наманганнинг “Навбаҳор-W” жамоасига қарши тўп сурган Қаршининг “Севинч-W” клуби қизлари мезбон дугоналарини аяб ўтирмади. “Навбаҳор-W” – “Севинч-W” – 0:12.
Ўз майдонида тўп сурган Тошкентнинг “Локомотив-W” клуби хотин-қизлари эса турдан-турга ўсиб бораётган Олмалиқнинг АГМК – жамоасини ўз майдонида қабул қилиб, йирик – 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Бекободдаги баҳсда “Металлург-W” Тошкентнинг “Пахтакор-W” клубига – 2:3 ҳисобида ютқазди.
Ўтказилган 11 ўйиндан сўнг “Сўғдиёна-W” 29 очко жамғарган ҳолда пешқадам бўлиб турибди. “Бунёдкор-W” 28 очко билан турнир жадвалида 2-, “Севинч-W” эса 26 очко билан 3-поғонани эгаллаб турибди. Наманганнинг “Навбаҳор-W” аёллар жамоаси эса 1 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг сўнги поғонасида бормоқда.
А.Қаюмов, ЎзА