Ҳар қандай мамлакат ва жамиятнинг тараққиёти ва маданий даражаси хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланади.
Шу жиҳатдан Ўзбекистонда бу йўналишда тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ёшларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 6,6 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Ушбу мақсадларга ажратилаётган маблағлар ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар туб моҳиятида хотин-қизлар камситилишига йўл қўймаслик мужассам.
Пойтахтимизда ўз ишини давом эттираётган Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам ушбу масалага эътибор қаратилди.
Форумда иштирок этган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакат иқтисодиётида хотин-қизларнинг улуши ортиб бораётганига эътибор қаратди.
– Бугунги нуфузли форумда фаол ва ишбилармон аёлларимиз ҳам иштирок этаётгани жуда қувонарли, – деди Т.Норбоева. – Улар турли жабҳаларда фаол меҳнат қилиш билан бирга нуфузли соҳа ва йўналишларда асосий роль ўйнамоқда, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб, фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётир. Хотин-қизларимиз нафақат ижтимоий, балки иқтисодий, замонавий технологиялар соҳасига ҳам жадал кириб бормоқда. Бу хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшаётганининг яққол исботидир. Ҳақиқатан, аёлларга ожиза деб қарашдек стереотиплар бугунги кунда барҳам топмоқда, муҳими уларнинг ўзига бўлган ишончи ортмоқда. Бунга гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича зарур имкониятлар яратилгани кенг йўл очди.
Маълумот учун: Ўзбекистонда парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 48 фоизга, олий таълимда 49 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда вазир, ҳоким, элчи, ректор, шунингдек ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам раҳбарлик лавозимларида аёллар фаолият юритмоқда.
Хотин-қизларнинг таълим олиши, билим даражасини, малакасини оширишга эътибор кучайтирилди. Натижада қизлар, аёллар замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаш, жумладан, замонавий ахборот технологияларини бошқариш лаёқатига эга бўлмоқда.
Мактабгача таълим тизимига ўғил-қизларни қамраб олиш даражаси бугунги кунда 80 фоизга етди. Илгари бу бор-йўғи 17 фоизни ташкил этган. Демак, қизларимиз боғча ёшидан бошлаб билим, тарбия олади. Бу мактабда, кейинчалик олий ўқув юртларида давом этади. Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган дастурда бу кўзда тутилган эди ва бу борада салмоқли натижага эришилди.
Эътиборлиси, гендер тенглиги принциплари Конституцияда белгиланмоқда ва бу давлат томонидан аёлларга бўлган алоҳида эътиборни кўрсатади. Бу аёлларнинг давлат ва ижтимоий ҳаётидаги ролини ошириб, улар ўз имкониятларини намоён қилишига хизмат қилади.
2020 йилдан Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун 4 фоиз квота жорий этилди. 2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди.
Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди.
2022 йилда олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этгани бунинг амалий натижасидир.
Меҳнат муносабатларида ҳам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кескин кучайтирилди. Янгиланаётган Конституцияда аёлларнинг дискриминациясига чек қўйишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Жумладан, 42-моддада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
Конституциянинг 58-моддасига кўра, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.
–Ютуқлар замирида нафақат яратилаётган имкониятлар, балки аёлларимизнинг интилиши ва ўзларига бўлган ишончи ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Бу доимий ва мустаҳкам бўлиши керак, – деди Сенат Раиси. – Олдимизга қўйган мақсад ва режаларимизни амалга оширишда, албатта, тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам муҳим ўрин тутди. Бу борада бизга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, журналистлар, блогерлар яқиндан кўмак кўрсатганини мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман. Аммо ҳали қилинадиган ишларимиз жуда кўп. Эзгу мақсадимиз аёллар фаоллигини ошириш орқали оилалар ободлиги, барқарорлиги, пировардида, жамият равнақини таъминлашдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА