Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан “Аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш: мавжуд имкониятлар ва муаммолар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия раҳбарияти, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, "Оқила аёллар" ҳаракати ҳамда илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳамда сенатор ва депутатлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва иштирокини кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда. Натижада барча соҳа ва тармоқларда, тадбиркорлик йўналишларида хотин-қизларнинг улуши ортиб бормоқда.
Хусусан, бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга етгани эътиборга молик. Парламентда, маҳаллий Кенгашларда ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш ва қонун ҳамда қарорлар қабул қилишда аёл сиёсатчилар фаол қатнашмоқда. Маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатларнинг 31 фоизи аёллардир.
[gallery-25370]
Давра суҳбатида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, нутқ сўзлади.
З.Маҳкамова кейинги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 5 миллионга яқин аёлларнинг ҳаёти ўзгаргани, ижобий натижаларга эришилаётгани, шу билан бирга, ҳали олдинда вазифалар бисёрлигини таъкидлади. Хусусан, айрим аёлларнинг ажримдан кейинги ҳаётини ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини, эҳтиёжманд хотин-қизларни янада кенг қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.
Муҳокамаларда сенаторлар, депутатлар, фаол хотин-қизлар, партия вакиллари сўз олиб, ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Сиёсий майдонда, ижро ҳокимияти тизимида хотин-қизлар ролини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Партиядан сайланган аёл депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, улар кўмагида хотин-қизлар орасига кенг кириб бориш, аёлларни қийнаётган муаммоларга, маҳаллалардаги масалаларга ечим топиш зарурлиги айтиб ўтилди. Бунинг учун жойларда аёллар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг таклифларини олиш кераклиги урғуланди. Барча тоифадаги аёллар билан изчил ишлаш, таъсирчан лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокамалар якунида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА