Урганчда Экологик партиянинг Хоразм вилоят кенгаши, Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Урганч давлат педагогика институти ҳамкорлигида “Экология ва соғлом турмуш тарзи оиладан бошланади” мавзусида аёллар экофоруми ўтказилди.
Дастлаб аёллар иштирокида “Ўн минг қадам юриш” соғломлаштириш акцияси ташкил этилди. Акция соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда жисмоний фаолликнинг экологик ва соғлом ҳаётдаги ўрни ҳақида аҳолига тушунча беришга хизмат қилди.
Шундан сўнг партиянинг “Экология ва саломатлик” аёллар клуби фаоллари, ўқитувчи ва талабалар иштирокида Урганч давлат педагогика институти ҳудудидаги бўш ер майдонига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
—Экофорумнинг асосий мақсади аёллар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни асраш борасида фуқаролик фаоллигини кучайтириш ҳамда оиладан бошланадиган экологик тарбиянинг аҳамиятини кенг ёритишдан иборатдир, —дейди Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова. —Мазкур форум экологик муаммоларга аёллар нигоҳи билан ёндашиш, оилада экологик онгни шакллантириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлардан биридир.
[gallery-26392]
Форум доирасида миллий маданий марказлар ва вилоят ногиронлар жамияти томонидан ногиронлиги бўлган аёлларнинг қўл меҳнатидан ясалган буюмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган ва илмий ишланмалар яратган хотин-қизларнинг тақдимоти ҳамда аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган спорт мусобақалари ўтказилди. Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари