Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар касб-ҳунарга йўналтирилмоқда
13:38 / 2021-06-01

Навоий вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда "INNOWOMENWEEK" ҳафталиги ўтказилди.

Ҳафталик хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, жойларда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш мақсадида ташкил этилди.  

Бунда Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.  

Ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирларда туман ва шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ва МФЙлар ходимлари томонидан аниқланган касб-ҳунар ўрганмоқчи бўлаётган, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини бошлашни режалаштирган жами 639 нафар бандлиги таъминланмаган, шу жумладан 13 нафар имконияти чекланган ва 226 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизлар иштирок этди.  

– Ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ва “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари томонидан касб-ҳунар ўрганмоқчи бўлаётган, банд бўлмаган хотин-қизнинг 301 нафари ўз қизиқиш ва салоҳиятига қараб касб-ҳунарга йўналтирилиб, 9 та йўналиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилинди, – дейди вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. – Шунингдек, ҳафта давомида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 64 нафар хотин-қиз учун “Тадбиркорлик кўникмалари” ўқув курси ташкил этилиб, уларга бизнес режалар тузишга кўмаклашилди ва давлат рўйхатидан ўтиш бўйича маслаҳатлар берилди.

 Хотин-қизларга Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази экспертлари томонидан ҳафталикда иштирок этган тадбиркор ва ҳунарманд аёлларнинг яратган маҳсулотларига товар белгилари олиш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини ошириш бўйича тегишли маслаҳатлар берилди.

АТ Халқ банки ҳудудий филиаллари масъул ходимлари томонидан 37 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизга кредит олиш масаласида маслаҳатлар берилди.  

– Тадбир доирасида “Ҳунарманд” уюшмаси ҳудудий бўлимлари томонидан ҳунармандчиликнинг 9 та тури бўйича ҳар бири 5-10 нафар хотин-қиздан иборат 23 та гуруҳ шакллантирилди, уларга кўргазмали тарзда амалий машғулотлар ўтишини ташкил қилиш мақсадида уста ҳунарманд аёлларнинг ҳунармандчилик устахоналарида маҳорат дарслари ўтказилди, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бош мутахассиси Латофат Ҳайдарова. – Маҳорат дарслари натижасида уларнинг қизиқиши аниқланди ва шу асосда мазкур уста ҳунарманд аёлларга хотин-қизлар бириктириб берилди. Ҳафталик доирасида “уста-шогирд” тизими асосида жами 339 нафар ишсиз хотин-қиз ўз қизиқишларига қараб ҳунармандчиликка йўналтирилиб, келгусида улар ҳунар эгаллагач, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб киради.  

Шунингдек, вилоят, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ҳафталик доирасида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди ҳамда 64 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

– Ўрганишлар жараёнида “Аёллар дафтари”га киритилган эдим, – дейди Санобар Бозорова. – Туманимизда ўтказилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”да қатнашиб “Хатирчи асл ипак гиламлари” масъулияти чекланган жамиятига ишга кирдим. Энди мен ҳам оилам даромадига ҳисса қўшаман.

Ҳафталик доирасида психологик тренинглар ва тажрибали тадбиркорлар билан давра суҳбатлари ҳамда тадбиркор аёллар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни кенг тарғиб қилишга йўналтирилган кўргазмалар ташкил қилинди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА