Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аёллар дафтари”га киритилган 929 минг 813 нафар хотин-қизга турли даражада ёрдамлар кўрсатилди
16:06 / 2023-10-09

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Қўмита ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Жорий йил 9 ойи давомида “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган 1 миллион 680 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 929 минг 813 нафарига турли даражада ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 425 минг 760 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 414 минг 849 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилди. 44 минг 956 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

225 минг 532 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 198 минг 541 нафарига бир марталик моддий ёрдам берилди. Шундан, 3 минг 212 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. 202 минг 897 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 181 минг 812 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

Шундан, 1 минг 884 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. 9 минг 128 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 7 минг 875 нафарига ёрдам кўрсатилган. 87 минг 741 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд аёллардан 81 минг 780 нафарига моддий ёрдамлар берилди. Шундан, 4 минг 160 нафарига томорқадан унумли фойдаланиши учун амалий ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилди. 

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан 11 октябрь – Халқаро қизлар куни сифатида дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, бизнинг мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда.

Шу муносабат билан тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда жорий йилнинг 11 октябрига қадар “Қизлар – миллат таянчи” шиори остида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” мавзуида ҳудудий ва республика форуми ўтказилади.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида”ги резолюцияси билан 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида эълон қилинган бўлиб, мазкур сана мамлакатимизда ҳам кенг нишонланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимизда “15 октябрь – Қишлоқ аёллари куни”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги тегишли баёнига мувофиқ “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум ўтказиш, фермер ва уй хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларга бағишланган “Қишлоқ аёлининг муваффақиятли йўлига назар” номли китобларни чоп этиш, жойларда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг қишлоқ ҳудудларидаги ўз маҳаллаларида аёллар билан очиқ мулоқотларини ўтказиш ва бошқа қатор тадбирлар назарда тутилмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА