Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аёллар дафтари”га киритилган 5 минг 394 нафар аёлга ёрдам кўрсатилди
16:41 / 2026-01-13

Мамлакатимизда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, хотин-қизлар, “Аёллар дафтари”га киритилган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда Избоскан туманида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. 

Якунланган 2025 йилда Избоскан туманидаги 61 та маҳаллада истиқомат қилувчи 30 ёшдан юқори бўлган 34 минг нафарга яқин хотин-қиз ишчи гуруҳлар ҳамда маҳалла еттилиги ҳамкорлигида хатловдан ўтказилди. Хатлов якунларига кўра, уларнинг 5 минг 410 нафари “Аёллар дафтари”га киритилди. Дафтарга киритилган аёллар олти тоифага ажратилиб, ҳар бир тоифа билан бевосита ва манзилли ишлар олиб борилди. 

– Йил давомида дафтарга киритилган аёллар билан режа асосида тизимли ишлар олиб борилди, – дейди Избоскан тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоҳидахон Азизова. – Натижада 5 минг 394 нафар аёлга зарур ёрдамлар кўрсатилди.  

 “Аёллар дафтари” бўйича 1-тоифага киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 минг 32 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 2-тоифадаги тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 90 нафар хотин-қизнинг 38 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредитлар ажратилган бўлса, 52 нафари тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилди.

Бундан ташқари, учинчи тоифадаги боқувчиси бўлмаган 963 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг ҳар бирига “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 750 минг сўмдан, жами 722  миллион 250 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Тўртинчи тоифада турувчи, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож 1 минг 26 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 769,5 миллион сўм миқдордаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

 “Аёллар дафтари”нинг 5- ва 6- тоифасига кирувчи, уй-жойга муҳтож ҳамда қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 282 нафар эҳтиёжманд аёлга 211,5 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. 

Туманда жорий йилда ҳам хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, айниқса, эҳтиёжманд аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши белгиланган. 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири