Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Сенат Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мажлисда жорий йил 26 февраль куни Президентимиз раислигида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2021 йилда қарийб 440 минг нафар аёллар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Хотин-қизларни касбга (тадбиркорликка) ўргатиш, имтиёзли кредит ажратиш, бандлигини таъминлаш, ҳунармандчилик кластерларини ташкил этиш бўйича ННТлар билан ҳам тизимли ишларни йўлга қўйишга эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, аёллар ўртасида камқонлик, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари бўйича кўрсаткичи юқори бўлган ҳудудлар аниқланиб, назоратга олинади. Бунда касалликнинг турига қараб тор доирадаги шифокорлар жалб қилиниб, даволаш ташкил қилинади. Хусусан, 2021 йил якунига қадар қарийб 9 миллион хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш назарда тутилган. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари “маҳаллабай” режа-жадвал тузган ҳолда ишни ташкил қилиб, касаллик аниқланганларини мақсадли соғломлаштириш чораларини кўриб боради.

Мажлисда ажримлар юқори бўлган ҳудудларни аниқлаб назоратга олиш, нотинч, эрта никоҳ ва эрта туғруқ содир бўлган оилалар билан “маҳаллабай” асосида тизимли ишларни давом эттириш, ушбу оилаларга ва қизларга психолог, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ходимлари, педагог, дин уламолари ва ҳуқуқшуносларни бириктириш мақсадга мувофиқлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вазири биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфованинг таъкидлашича, вазирлик зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан жорий йил 1 мартдан бошлаб ҳафтанинг икки кунида фақат аёллар масалалари билан шуғулланиш белгилаб олинди. 2021 йилнинг тўққиз ойи якунига қадар “Аёллар дафтари”га киритилган 221 минг нафар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда мутасадди идора ва ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу кунга қадар “Аёллар дафтари”га киритилган 46 минг хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, шу жумладан, оғир ҳудудлардаги аёлларни пиллачилик, қоракўлчилик соҳаларида бандлигини таъминлаш бўйича Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан алоҳида қўшма қарор имзоланади. Унга мувофиқ, йил якунига қадар пиллачилик тармоғида 101 та лойиҳа, қоракўлчилик тармоғида 175 та лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали ушбу йўналишда ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар лойиҳаларга жалб этилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ушбу йўналишда тизимда амалга ошириладиган ишларга тўхталди. Унинг қайд этишича, хотин-қизларни ҳунармандчиликка ўргатиш орқали бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус, Бухоро, Марғилон, Шаҳрисабз шаҳарлари ва Шаҳрихон туманида хотин-қизларни адрас, атлас, аъло бахмал, гилам тўқишга ўргатиш курслари ташкил этилади.
2021 йил якунига қадар 15 минг нафар хотин-қизни ҳунармандчилик турларига ўқитиш бўйича ҳудудлар, касблар ва ойлар кесимида аниқ график ишлаб чиқилади. “Аёллар дафтари”га киритилган ишга муҳтож аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан 112,4 минг нафар ишсиз аёл бандлигини таъминлашга кўмаклашилади. Хусусан, 34,5 минг нафари мавжуд бўш ва захираланган ишга жойлаштирилади.
8,1 минг нафар хотин-қизга тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашилади. 43 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилади. Бу учун 185 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. 8,4 минг нафарига шахсий томорқаларга иссиқхона ўрнатиш, суғориш воситаларини харид қилиш, уруғ ва кўчат олиб беришга субсидиялар ажратиш белгиланган. 7 минг нафар хотин-қизга қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларига субсидия ажратилади. Ушбу ишлар учун 17,2 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Йиғилишда бу борада олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги, баъзи вилоят ва туманларнинг фоиз кўрсаткичлари пастлигича қолаётгани танқид қилинди. Бу борада ишларни янада жадаллаштириш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига топшириқлар берилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимовнинг маълум қилишича, январь-февраль ойларида 1 минг 700 дан зиёд хотин-қизлар бандлигини таъминлаш белгиланган. Лекин айрим вилоятлар маблағдан тўғри фойдаланмаяпти. Масалан, Сирдарё, Навоий, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари кенгаш раислари огоҳлантирилган.
Йиғилишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ишлар яхши йўлга қўйилмагани, шу билан бирга, белгиланган вазифаларга 3 ой бўлсада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаётгани сабабли мутасаддига танбеҳ берилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА