Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Аёллар дафтари"дан чиққан тадбиркор (+видео)
09:19 / 2024-12-23

Паррандачилик – етти хазинанинг бири. Бекорга бундай дея аташмайди, чунки товуқ қисқа вақт оралиғида гўштга киради, тухум беради, қилинган харажатни қоплайди. Буни "Аёллар дафтари"дан чиққан тадбиркор, Боёвут туманининг Бекат маҳалласида истиқомат қилаётган Дилфуза Одилова яхши билади.

–Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, паррандачилик соҳасини йўлга қўйиб, тадбиркор бўлиб кетаман деб, –дейди Дилфуза Одилова – Туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳалланинг ёрдами билан 2023 йилда паррандачилик йўналишига 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб,  500 бош бройлер жўжадан ишни бошлаганман. Олдинига бироз қийинчилик,  тушунмовчиликлар бўлди. Турмуш ўртоғим Дилшод Ўсаровнинг қўллови сабаб, қийналсам-да, бройлер жўжаларни боқиш сир- асрорини ўргандим. Кейин англадимки, мен ўйлаганчалик қийин эмас экан. Ўз вақтда парваришлаб,  витамин ва озуқаларини бериб,  бир хил ҳароратда парваришлаб, қирқ кунда бройлерлар вазнини 3 - 3,5 килограммга етказиб,   бозорга чиқарсангиз бўларкан.  

Бир қарашда қийиндай кўринган иш  оилага яхшигина даромад олиб келди. Шундан кейин бу ишга нафақат Дилфуза,  унинг турмуш ўртоғи ҳам қизиқиб кетиб, ҳовлисининг бир четида бройлерларни парваришлаб боқиш учун ҳашар йўли билан қўшимча бино қурди. Паррандалар учун керак бўладиган озуқа жамғарилди,  зарур жиҳозлар келтирилиб, бройлер жўжаларнинг сонини мингтага,  ундан кейин 1,5 мингтага етказди. Натижа ҳам шунга яраша яхши бўлди. Имтиёзли кредитни муддатидан олдин ёпиб,  жорий йилда оила-хотин қизлар бўлими ва ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан яна 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди.  

– Бу фаолият тури билан шуғулланмасдан олдин  фарзандлардан ортиб,  бўш қолган вақтларимда рўзғоримга нафим тегсин дея "кунбай"га,  пахта чопиғи ва шунга ўхшаш ишларга чиқардим. Ундан топганинг нима бўларди. Ҳарна  қалам,  ручка, дафтарга,  ҳеч бўлмаса кийим-кечак олиб беришга етади-ку, дея қийналсам-да ишга чиққан кунларим бўлди.  Президентимизнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган менга ўхшаган хотин-қизларнинг  бандлигини таъминлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий этган  "Аёллар дафтари" паррандачилик йўналишида   ўз фаолиятимни йўлга қўйишга сабаб бўлди.  Бугун бу ишимдан нафақат турмуш ўртоғим,  фарзандларим,  оила аъзоларим хурсанд. Чунки,  даладамас,  уйдаман. Фарзандларим олдида. Ишлай десам ишим,  даромад топадиган манбаим бор. Аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак, дея ўйлайман,- дейди у.

[gallery-20982]

Авваллари юртимизга бройлер  товуқ гўштлари   четдан келтирилган бўлса,  эндиликда ўзимизда етиштирилмоқда. Асосийси,  "бройлер"чилик ҳам паррандачилик йўналишида етакчи тармоқлардан бирига айланмоқда. Шу боисдан ҳам,  бозор расталаридан арзон  товуқ гўштини истаганча топишингиз мумкин. Асосийси, бройлер парҳезбоп парранда гўштлари бозорларимизни обод,  дастурхонларимизнинг тўкин бўлишига ҳисса қўшмоқда.  

– Паррандалар  нафақат гўшти,  тухуми,  пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа истиқболли соҳа бўлибгина қолмай,  даромад манбаи экан. Тан олиб айтишим керакки,  турмуш ўртоғим кредит  олиб паррандачилик билан шуғулланамиз, деганда  бироз қаршилик қилгандай ҳам бўлгандим. Энди ўйлаб қарасам, фойдали соҳа экан. Бўш вақт топгандек бўлсам, паррандачилик билан шуғулланиб,  турмуш ўртоғимга ёрдам бераман, – дейди  Дилшод Ўсаров.  

"Бекат"да Дилфуза Одилова сингари "Аёллар дафтари"да турган хотин-қизлар 79 нафарни ташкил этиб, шундан 15 нафари   паррандачилик,  чорвачилик,  тикувчилик, асаларичилик, пазандачилик йўналишида ўз фаолиятини йўлга қўйиб, "Аёллар дафтари"дан чиққан тадбиркорга айланган  бўлса,  қолган ишсиз ва кам даромадли рўйхатда турган оилаларнинг бандлигини таъминлаш,  даромадини ошириш борасида ишлар бошлаб юборилган.

–Мақсад "Аёллар дафтари"да турган,  ишсиз ва кам даромадли хотин-қизларимизни  "Аёллар дафтари"дан чиққан тадбиркор  Дилфуза Одилова сингари фойдали бирон-бир ишга қўл уриб, ўз йўлларини топиб кетишига кўмаклашишдир. Шу мақсадда туман ҳокимлиги, туман оила ва хотин-қизлар бўлими масъуллари билан маслаҳатлашган ҳолда иш режа тузиб, у асосда иш олиб боряпмиз. Бу эса, тез бўлмаса-да, кутилган натижани беряпти, – дейди "Бекат" маҳалла фуқаролар йиғини  хотин-қизлар фаоли Дилбар Холиқова.

Боёвут туманининг бошқа маҳаллаларига қараганда   саноат ва ишлаб чиқариш "Бекат"ликларнинг драйвер соҳаси ҳисобланади. Аҳолининг каттагина қисми  ҳудуддаги саноат корхоналарида ишласа, уйда ўтирган хотин-қизлар эса фойдали фаолият тури билан шуғулланиб, ҳам оиласига, ҳам ўзига наф келтиряпти.

–Биз бор эътиборни  хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни тадбиркорликка жалб этишга,  томорқачилик соҳасини ривожлантиришга,  паррандачилик,  чорвачилик, асаларичилик, пазандачилик,  тикувчилик каби йўналишларда ўз фаолиятини йўлга қўйиши устида иш олиб боряпмиз,–дейди туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М.Эшонхонова.– Имкон қадар "Аёллар дафтари" жамғармаси маблағларини  фойдали ишга йўналтиряпмиз. Бу бўлса,  ишсиз,  ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш,  ўзларини қизиқтирган йўналишда  фаолиятини йўлга қўйиб,  жамиятда ўз ўринларини топишига катта ёрдам беряпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tTFVO7_Kot8" title="&quot;Ayollar daftari&quot;dan chiqqan tadbirkor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ғулом Примов, ЎзА мухбири