Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аёллар дафтар”идаги хотин-қизлар хонадонлари таъмирлаб берилмоқда
11:11 / 2021-05-13

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида “Аёллар дафтари” рўйхатига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.Бу борада яна бир хайрли ишга қўл урилиб, уларнинг хонадонларини таъмирлаш ишларига киришилди.

Эзгу амалларда давлат кўмаги, сектор раҳбарларининг ёрдами билан биргаликда жойлардаги ҳомийлар ва саховатпеша инсонларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Ўрмонобод қишлоғида яшовчи Фаридахон Топшпўлатова “Аёллар дафтари”га киритилган. Ногиронлиги бўлган аёл 2 нафар фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказяпти. Ўтган йили Фаридахон опанинг хонадонидаги 3 хонали уй ва унинг томи туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла кўмагида таъмирлаб берилиб, келин туширган эди. Бу йил ҳам опа яшайдиган яна 2 хонали уйни ҳокимлик ва маҳалла фаоллари ёрдамида таъмирлашга киришилган.  

Шунингдек, 1-сектор худудида жойлашган "Туюл" МФЙда яшовчи Хикматхон Исақовага уй таъмири учун “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган тегишли миқдордаги пул маблағи тақдим этилганидан ташқари, қум ва цемент каби зарурий қурилиш маҳсулотлари етказиб берилди.

Шўрқишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдузхон  Бўриева ҳам "Аёллар дафтари" рўйхатига олинган. Шу йилнинг март ойида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев унинг хонадонида бўлиб, турмуш шароитини ўрганган ва уйини таъмирлаш ташаббусини илгари сурган эди. “Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан опанинг уй таъмири учун 10 миллион сўм пул маблағи ажратилди. Бу маблағга уйнинг битта хонасига янги шифт қадалиб, поли қоқилди, эшик-деразалар ўрнатилди. Шувоғу бошқа пардозлаш ишлари бажарилиб, бинойидек уй ҳолатига келтирилди. Айвонига ҳам пол қоқилиб, ҳовли ичи ва ташқи деворлари қумсувоқ қилинди. Маблағнинг қолган қисмига яна 2 та хонани дурустгина бошпанага айлантириш ишлари давом эттирилмоқда.

3-сектор ҳудудидаги Элчи маҳалласининг Ниҳол кўчасида яшовчи яна бир эҳтиёжманд аёл Сайёрахон Мансурованинг яшаш хонадони томига эса шифер ва тарновлари тўлиқ ўрнатилди. Уй дераза ромларига ойналар солиб берилди.

2-сектор ҳудудида оқчангаллик Муқаддасхон Назарованинг ўзи ва турмуш ўртоғининг ҳам ногиронлиги бор. Назаровларнинг хонадонини ўрганган туман прокурори сектор штаби-ю, маҳалланинг саховатпеша инсонларини эзгу ишга бошлади. Опанинг эски уйи бузиб ташланиб, ўрнига янгисини қуриб бериш учун катта ҳашар бошланган.

М. Сулаймонов, ЎзА