Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси зиммасидаги вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Қўмита аъзолари жойларга бориб, юзма-юз учрашувлар ўтказиб, аёлларнинг жамиятдаги ролини янада мустаҳкамлаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиб келаяпти.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ташкил этилган "Аёллар дафтари – имкониятлар манбаи" шиори остида давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Мазкур махсус дафтарга киритилган ва қисқа муддатда арзигулик натижаларга эришган аёл-қизлар, шунингдек, хусусий бизнесини бошлаш ниятидаги опа-сингиллар йиғилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиев, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг котибият мудири Равшанбек Абдуллаев иштирок этди.
[gallery-3393]
– Сўнгги беш йилда юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва касбий кўникмалар олиши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар яратишга қаратилган 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, – дейди сенатор Маҳмуджон Парпиев. – Лекин олдимизда ҳали бу борада фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам бор.
Мулоқот давомида қатнашчилар таклиф-мулоҳазалари ва муаммолари юзасидан Олий Мажлис Сенати вакилига мурожаат этди. Жумладан, тумандаги Дукат маҳалласида яшовчи Дилшода Юсуфжонова ёритувчи сунъий гуллар ясаб, Корея ва Туркия давлатларига экспорт қилиш ниятида эканлиги, Исвахон маҳалласида қандолатчилик билан шуғулланаётган Қундузхон Долимова фаолиятини янада кенгайтириш учун банк кредитига муҳтожлигини билдирди. Мазкур масалалар белгиланган тартибда ҳал этиладиган бўлди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиевнинг Наманган вилоятида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва халқ билан ўтказаётган мулоқотлари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА