Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Андижон вилоятида бўлиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятда хотин-қизларнинг нуфузи ва ролини юксалтириш, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу йўналишдаги ишлар билан танишиш, самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Андижон вилоятига ташриф буюрган Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова дастлаб Шаҳрихон тумани Қум маҳалласида фаолият олиб бораётган “ELEGANT SHOES AND" масъулияти чекланган жамиятига қарашли пойабзал корхонасида бўлди.
Мазкур корхонада йилига 60 турдаги 1 миллион жуфтдан зиёд пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларининг аксарият қисми хорижий давлатларга экспорт қилинади. Айни кунда корхонада 500 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилганлар ташкил этади. Бош вазир ўринбосари корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг иш шароитлари билан танишди.
Шундан сўнг З.Маҳкамова Шаҳрихон туманидаги “Дориламон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Ҳудудда маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни олий таълимга жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бу борада улар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан кенг фойдаланиш, айниқса, касаначиликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, шаръий никоҳларнинг олдини олиш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашда кўчабошилар, отинойилар, “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари томонидан амалга ошираётган ишлар таҳлил қилинди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича фаолларга, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
[gallery-11603]
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Андижон шаҳридаги “Ёшлар боғи” да ёшлар вакиллари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА