Чирчиқ педагогика университетида хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Чирчиқ шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси ўтказилган тадбирда Тошкент вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари, зиёли, фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, аёлга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. Вилоятда аёлларнинг ўзларини бахтли ҳис этишлари, оиласи мустаҳкамлигини таъминлаш, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, саломатликларини мустаҳкамлаш борасидаги масалаларини ҳал қилиш доимий эътиборда экани қайд этилди. Хусусан, “Аёллар дафтари” йўналишидаги манзилли ишлар, ижтимоий-сиёсий фаол раҳбар аёллар сафини кенгайтириш борасидаги ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.
Шунингдек, тадбирда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида гендер тенглик, оила мустаҳкамлиги, таълим тизими ва ўқитувчилар ҳуқуқлари учун алоҳида модда киритилаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди. Барчани жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.
Тадбир доирасида кўргазма ва сумалак сайли ҳам ташкил этилди. Унда асосан “Аёллар дафтари”га киритилиб, ҳозирда тадбиркорлигини бошлаган аёлларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари намойиш этилди. Миллий-маданий марказлар фаоллари ва спортчи қизларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди.
Тадбир сўнгида бир гуруҳ фаол аёллар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга яхши кайфият улашди.
И.РАҲМОНОВ, ЎзА