English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёли эъзозланган юрт буюк бўлади
18:54 / 2023-04-28

Бухорода “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Санъат усталари томонидан куйланган дилбар наволару бухороча куй-қўшиқлар, спортчи қизларнинг кўргазмали чиқишлари барчани Фавворалар майдонига чорлади.

Тадбир доирасида хотин-қизлар учун ҳамкор ташкилотлар томонидан “Ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари”, бепул тиббий кўриклар ҳамда ишсиз хотин-қизлар учун меҳнат ярмаркаси, касб-ҳунар йўналиши кўргазмалари ташкил этилди. Ҳаваскор рассомлар чизган расмлар барчага манзур бўлди.  

Тадбирда вилоят туман-шаҳарларидан иштирок этган “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, отинойилар, ихтирочи, олима, фаол, тадбиркор аёллар, аёлларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланаётган хотин-қизлар сўзга чиқди. Улар яқинда бўлиб ўтадиган референдумга бефарқ эмасликларини билдирди.  

Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси оилавий поликлиникаларида фаолият кўрсатаётган малакали тиббиёт ходимлари томонидан тадбир доирасида 150 га яқин аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган  аёлларга амбулатор даволаниш учун тавсиялар берилди.  

Бундан ташқари, тиббий кўрик жараёнида тиббиёт ходимлари томонидан соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича кўргазма ташкил қилиниб, хотин-қизлар билан соғлом турмуш тарзи борасида суҳбатлар ўтказилди, буклетлар тарқатилди.  

[gallery-11627]

Вилоят адлия бошқармаси ташкил этган “Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги”да 100 нафарга яқин хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавоб олди.  

Тадбирда Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказининг бепул ўқитиладиган касб-ҳунар йўналишлари бўйича кўргазмали намойишлари кўпчиликка катта қизиқиш уйғотди.  

– Мономарказда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 14, техник,  қишлоқ хўжалиги ва умумқурилиш соҳаси бўлимида 11 та, тадбиркорлик ва миграция хизматлари бўйича жами 30 турдаги касбларга ўқитиш йўлга қўйилган, – дейди мономарказнинг сервис ва хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Умида Раҳматова. – Шунингдек, тингловчилар бу ерда хорижий тиллар ва рақамли  технологияларни ўргатиш бўлимида 5 та тилни ўрганиши  (рус, инглиз, немис, корейс, япон) ва 3 та йўналиш бўйича таҳсил олиши мумкин. Ҳунармандчилик марказига айлантирилган “Модарихон” мадрасасида эса 7 та йўналишда ҳунармандчилик бўлими фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида мономарказни “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарда турган фуқаролардан 406 нафари битириб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ўзини ўзи банд қилган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва субсидия олишга муваффақ бўлган. Айни кунларда мономарказда 32 нафар ногиронлиги бор хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганмоқда.  

Туман-шаҳарлар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркаси иш излаб юрган хотин-қизлар учун айни муддао бўлди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА