Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати медиа марказида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова 2025 йил якунлари ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар хусусида батафсил ахборот берди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирок этишди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Ўзбекистон – 2030 стратегияси доирасида белгиланган вазифалар, шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижроси бу борадаги ишларга янги мазмун ва изчиллик бағишламоқда.
2025 йилда вилоятда 62 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлса, амалда 100 минг нафардан зиёд аёлнинг иш билан таъминланишига эришилди. Тижорат банклари томонидан 21 минг 157 нафар хотин-қизга 556,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида қарийб 6 минг нафар аёлга 107 миллиард сўм йўналтирилди.
– Ўтган 2025 йилда имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 10 минг 744 нафардан ортиқ аёл тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди, – дейди Гулнора Нормуродова. – Шундан 8059 нафари юридик шахс, 2685 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошлади. Бу кўрсаткичлар аёлларнинг иқтисодий фаоллиги тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
[gallery-27886]
Вилоятнинг 32 та маҳалласида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилди. Пиллачилик соҳасида 16 минг 669 қути пилла етиштирилиб, 40 минг нафар хотин-қизнинг мавсумий бандлиги таъминланди. 20 минг 969 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, натижада 13 минг нафардан ортиқ аёл доимий иш ўрнига эга бўлди.
“Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими изчил давом эттирилди. 2025 йилда 46 минг нафар хотин-қиз мазкур рўйхатга киритилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари манзилли ҳал қилинди. Ишсиз аёллар ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик қилиш истагида бўлганларга кредитлар ажратилди, тиббий ёрдамга муҳтожлар қўллаб-қувватланди, уй-жойи таъмирталаб оилаларга амалий кўмак кўрсатилди. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан 38 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни босқичма-босқич рўйхатдан чиқариш, уларни мустақил даромад манбаига эга қилиш орқали камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхона барпо этиш, касбга қайта тайёрлаш каби амалий механизмлар шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Оила институтини мустаҳкамлаш йўлида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. 2194 та низоли оиланинг 1865 тасида муросага эришилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга даъво аризалари киритилиб, улар давлат божидан озод этилди.
– Президент фармонида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган, – дея таъкидлайди Гулнора Нормуродова. – Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Шунинг учун ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий кўмакни уйғун таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Таълим соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 2978 нафардан ортиқ талаба хотин-қизнинг 7 миллиард 634 миллион сўмлик контракт тўловлари қоплаб берилди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, вилоятда олий таълимда хотин-қизлар улуши 55 фоизга етди.
2026 йилда 1235 та низоли оилани соғлом муҳитга қайтариш, “Е-ижтимоий профилактика” электрон тизими орқали хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, пробация ҳисобида турган аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, тазйиқ ва зўравонликка қарши кенг қамровли тарғибот тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 2025–2026 ўқув йилида яна 150 нафар хотин-қизнинг контракт тўловларини қоплаш кўзда тутилган.
Жиноятчилик кўрсаткичларининг пасайиши, тадбиркор аёллар сонининг кўпайиши, таълимда хотин-қизлар улушининг ортиши — буларнинг барчаси аёлга қаратилган эътиборнинг амалий натижасидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА