Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган "Аёлга эҳтиром " республика ижодий танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган улуғвор ғоя ҳар бир жабҳада ўз ифодасини топаётганини таъкидлади. Юртимизда яратилаётган янги-янги адабий асарлар замонамизнинг маънавий-маърифий пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани эътиборга моликдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган маърифий лойиҳалар, адабий тадбирлар ижод аҳлининг мухлислар билан мулоқотини янада кенгайтиришга, янги ғоялар сари руҳлантиришга пойдевор яратмоқда.
"Аёлга эҳтиром" республика ижодий танловидан кўзланган асосий мақсад аёл, мўътабар она сиймоси юксак даражада эътироф этилган асарлар муаллифларини тақдирлашдан иборатдир.
Ҳайъат аъзолари томонидан танловга келиб тушган мўътабар аёл, она сиймоси куйланган жами 35 нафар муаллифнинг юртимиз оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 80 га яқин ижодий ишлари кўриб чиқилди. Нашр этилган китоблар, матбуотда эълон қилинган материаллар жанр таснифи бўйича қуйидагиларни ташкил этди: шеърлар ва шеърий тўпламлар, достонлар, шеърий туркумлар, насрий асарлар, публицистик мақолалар.
Танловни ташкил этишдан мақсад Янги Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда, эркин ва фаровон юртда баркамол авлодни тарбиялаб, жамиятдаги бунёдкорлик ишларида фаоллик ва фидойилик кўрсатган заҳматкаш оналарга бағишланган ижод намуналари муаллифларини руҳлантиришдан иборатдир.
Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотадиган , эзгу миллий қадриятларимиз тарғиб этилган , мўътабар она, аёл образи акс эттирилган ижод намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинди.
Истеъдодли шоира Хосият Бобомуродова муқаддас аёл, мўътабар она сиймоси куйланган "Ўртачўл маликаси", "Дийдор" достонлари, "Онамни асранг" шеърий тўплами, "Она бўлсанг билардинг, дунё", "Юз йил яшашга дастури бор аёл", "Далаларни куйлатган аёл" публицистик мақолалари, "Бола кўтарган аёл" шеърий драмаси учун биринчи ўринга муносиб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар, дипломлар билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА