Бугунги кунда аёллар онкологик касалликлари орасида энг кўп тарқалгани кўкрак бези саратони ҳисобланади. Бунинг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири, мазкур хасталикни эрта диагностика қилишдир. Кўкрак безининг кичик ўсмаларини ҳам юқори технологик рақамли ускуна – маммографда олинган рентген тасвири – маммография ёрдамида аниқлаш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ва замонавий маммографик тизим ишлаб чиқарувчиси бўлган маҳаллий “ТСМТ” компанияси ҳамкорлигида акция эълон қилинди.
Мазкур “Кўкрак бези саратонининг эрта диагностикаси” ижтимоий лойиҳаси журналист аёллар ва матбуот котиблари учун бўлиб, улар замонавий жиҳозланган тиббиёт хоналарида юқори технологик рақамли ускуна ёрдамида текширувдан ўтади. Малакали маммолог-шифокордан бепул маслаҳат олиш имконига эга бўлишади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий поликлиникасида ташкил этилаётган мазкур тиббий кўрик 18 декабрдан 23 декабрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳага 16 октябрь куни старт берилган бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда бир ой давомида ўтказилган эди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА