Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилояти Кенгаши ташаббуси билан Фориш тумани тиббиёт бирлашмасида “Аёл ва оила фаровонлиги – барқарор жамият негизи” форуми ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги,ЎзХДП вилоят ва туман кенгашлари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбар ва масъуллари, депутатлар, партия фаоллари ҳамда бир гуруҳ хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда ЎзХДП Жиззах вилояти Кенгашининг дастурий мақсад ва вазифаларидан бири ҳам жамиятда хотин-қизларнинг ролини оширишга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги таъкидланди. Мазкур форум ҳам айнан ана шу мақсадда ўтказилди.
– Аёл – жамият кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати келажагимиз эгаларининг жонажон Ватанимиз равнақи ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қиладиган баркамол инсонлар сифатида вояга етишида муҳим омил ҳисобланади, – дейди ЎзХДП вилоят Кенгаши ўринбосари М.Бабаева. – Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади.
[gallery-24275]
Дарҳақиқат, кейинги 7 – 8 йил давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тадбирнинг биринчи ярми якунида бир гуруҳ фаол хотин-қизларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Куннинг иккинчи ярмида эса ЎзХДП вилоят Кенгаши, туман ҳокимлиги ташаббуси билан Фориш тумани тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатга олинган оила болалари ва аёлларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилган саломатлик акцияси ташкил этилди.
Ушбу тадбир доирасида аҳолига малакали тиббий кўрик кўрсатилиб, тегишли маслаҳатлар берилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамиятнинг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг тиббий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ўз фаолиятини изчил давом эттирмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари